Ўзини «Миллий гвардия майори» деб таништириб, ишга киритиб қўйиш учун ва шу каби бошқа масалаларда фуқаролардан пул ундираётган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Қайд этилишича, жорий йилда фуқаролар томонидан Миллий гвардияга келиб тушган мурожаатларнинг бирида Г. исмли аёл ўзини майор унвонидаги Миллий гвардия ходими, деб таништириб, ишга киритиб қўйиш учун ва шу каби бошқа масалаларда фуқароларнинг ишончига кириб, 15 миллион 800 минг сўм ва 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ундираётганлиги маълум қилинган.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Миллий гвардия масъул ходимлари томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида Г. қўлга олиниб, Тошкент шаҳар ИИББга топширилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу аёл 1966 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам 3 маротаба судланган, бугунги кунда Тошкент шаҳри, Сергели туманида рўйхатсиз яшаб келаётган фуқаро Г.С. эканлиги аниқланган.

Ҳозирда Г.С.га нисбатан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.