Ишлаб чиқарилганига 81 йил бўлган қуролни ноқонуний сақлаб келган бухоролик фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган Бухоро ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходими Ҳалим Камоловнинг таъкидлашича, ҳолат «Тозалаш-Антитеррор» махсус тадбири давомида аниқланган.
Маълум бўлишича, Қоракўл туманидаги «Регеҳайдар» маҳалласида яшовчи 27 ёшли фуқаро Ҳ.М. яшаш уйида 1939 йил ишлаб чиқарилган бир нилли, ИЖ-5 моделли ов қуролини тегишли рухсатномасиз, ноқонуний тарзда сақлаб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ҳ.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (Тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур моддага кўра айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)