Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов 24 март куни АОКАда ташкил этилган штабда ўтказилган брифинг чоғида Франциядан қайтган биринчи ўзбекистонлик бемордан касалликнинг тарқалиш занжирини маълум қилди.

Кадр: YouTube

Францияда бўлган биринчи бемор Ўзбекистонга қайтгач, уйида 35 киши иштирокида тантанали маросим ўтказган. Бугунги кунда ўша 35 кишининг 13 нафарида касаллик қайд этилган. У Ўзбекистонга 250 киши билан бирга учиб келган, йўловчилар билан ҳам мулоқотда бўлган. Аэропортдан чиққач, шахсий машинада бўлган оила аъзоларига касалликни юқтирган. Иш жойига бориб, у ерда ишлаётган 80 нафар ходим ва 42 нафар бемор билан ҳам мулоқотда бўлган.

Бу занжир давом этади. Биринчи бемор ишлаган хусусий даволаш муассасасидаги ходимлар ҳам ўз оиласига боради, таниш-билишлари билан кўришади, ҳаёти давомида ҳар куни қатнайдиган муассасаларига, масалан, дўкон, сартарошхона, бозорга чиқиши мумкин — шу жараёнда жуда кўп одамлар билан мулоқотда бўлади. Бунда касалликнинг тарқалиш занжири геометрик прогрессия тарзида ўсиб кетиши мумкин.

Бизнинг ҳолатимизда илк касалланиш ҳолати аниқлангач, зудлик билан беморнинг оиласи, иш жойида ўтказилган ўрганишлар натижасида касалликка чалинганларнинг эҳтимолий контингенти тўлиқ рўйхатга олиниб, алоҳида муассасаларга карантинга жойлаштирилган. Улар кунига икки маҳал инфексионист кўригидан ўтказилиб, ҳарорати ўлчаниб, уларда коронавирус бор-йўқлигини текшириш ишлари ўтказилмоқда, — деди Баҳром Алматов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош давлат санитария врачи Баҳром Алматовнинг 27 февралдаги қарорида бир қатор давлатлар, хусусан, Франциядан қайтган фуқаролар 14 кун давомида уй шароитида изоляция (уй карантини)га олиниши, оила аъзоларидан ташқари кишилар билан мулоқотда бўлмасликлари, аҳоли оммавий тўпланадиган жойларга боришларига рухсат этилмаслиги белгиланган эди.

Қарорда Франциядан қайтган фуқаролар 14 кунлик уй карантинига жойлаштирилганида, тиббий ходимлар бу фуқарони тиббий кўрикдан ўтказиб бориши, тана ҳароратини артериал босимини ўлчаши, суриштирув ўтказиши лозимлиги белгиланган эди. Фуқаронинг уй карантини тартибига риоя қилишини, тиббий ходимлари уни кўрикдан ўтказишини кузатиб боришга масъуллар белгиланмаган эди.

Айни вақтда, қарорда бу тартибни бузганлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг уч баравари (4 март ҳолатига кўра — 669 минг сўм)дан 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм)гача жарима), Жиноят кодексининг 195-моддаси (мансабдорлар томонидан табиий атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик — камида 22 миллион 300 минг сўм жарима, кўпи билан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси) ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш — камида 11 миллион 150 минг сўм жарима, кўпи билан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси) бўйича жавобгарликка тортилиши эслатиб ўтилган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 49 нафарга етган.