Самарқандда кўчаларда ниқобсиз юрган одамлар огоҳлантириб чиқилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд ИИБ матбуот хизмати хабар қилган.

Фото: Самарқанд ИИБ матбуот хизмати

«Бугундан эътиборан бутун мамлакат бўйлаб жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз юрган шахсларга «огоҳлантириш» берилиши белгилаб қўйилган.

Самарқанд вилояти Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар зарурият юзасидан кўчага, бозорларга, савдо шохобчаларига чиққан шахслар ўртасида бу борада тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Фото: Самарқанд ИИБ матбуот хизмати

Фуқаролар, жумладан, ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши, шунингдек, карантин қоидаларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилиши ҳамда 25 март куни соат 06:00 дан бошлаб шундай қоидабузарлик қайд этилса, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса, БҲМнинг 3 баробари миқдорида жарима қўлланилиши ҳақида алоҳида тушунтиришлар берилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввал Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 46 нафарга етгани, Тошкент вилоятидаги барча буюм бозорлари ёпилиши, Тошкент шаҳрига кириш 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб тақиқланиши, шунингдек, Хоразм ва Қашқадарёда жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилгани, Наманганда эса Damas’лар ҳаракати чеклангани ҳақида хабарлар берилган.