АҚШ ҳукумати қамоқхоналарда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида минглаб маҳбусларни озод қилмоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal газетасига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: AP Photo

Хабарда айтилишича, Пенсильвания, Мичиган, Нью-Йорк, Вашингтон ва Колумбия округи қамоқхонларидаги ходимлар коронавирус юқтириб олган бўлиб, бу маҳбусларнинг ҳам касалланишига олиб келган. Нью-Йоркнинг ўзида 30 дан ортиқ маҳбус коронавирусга чалинган.

Калифорния, Нью-Йорк, Техас ва камида яна ўнта штатлардаги қамоқхоналарда коронавирус тарқалишидан хавотирланиб, оғир бўлмаган жиноятлар содир этган маҳбуслар, шунингдек, кекса ёки касал маҳбуслар озод қилинади.

«Биз эшикларни очмаймиз ва маҳбусларга кетишига рухсат бермаймиз. Кичик жиноятлар содир этган, хавфли бўлмаган жиноятчиларни топиб, қамоқхонада соғлиқ учун хавф даражаси юқори бўлган ҳолатларни кўриб чиқяпмиз», — деган Огайо штатидаги Кайахога округи судининг маъмурий ҳуқуқ бўйича судьяси Брендан Шихан.

Бундан ташқари, бутун АҚШдаги аксарият қамоқхона ходимлари маҳбусларга учрашувни, ҳаракатланишни чеклаб, ишчиларни текширувдан ўтказмоқда.

Жонс Хопкингс университети маълумотларига кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 31 мингдан ошиб кетган, 390 киши вафот этган. АҚШ коронавирус тарқалиши бўйича Хитой ва Италиядан кейин учинчи ўринда бўлиб турибди.

Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 46 нафарга етди.