«Милан» собиқ ҳимоячиси, ҳозирда жамоа техник директори бўлиб ишлаётган Паоло Мальдини ва жамоа аъзоси бўлган унинг ўғли Дениелда коронавирус аниқланди, дея хабар қилмоқда миланликлар матбуот хизмати.
Паоло аввалроқ коронавирусга чалинган киши билан мулоқотда бўлган, шундан кейин унда касаллик аломатлари сезила бошлаган. Таҳлиллар Мальдини ва «Милан» ёшлар жамоасида тўп сурувчи 18 ёшли Дениелда COVID-19 вируси борлигини кўрсатган.
Пауло ва Дениел ўзини яхши ҳис қилмоқда. Ҳар иккиси ҳам ўз уйида икки ҳафталик карантинни ўташга улгурган. Шифокорлар касаллик тўлиқ бартараф этилганини маълум қилгунга қадар ота-бола карантинда сақланади.
Аввалроқ «Ювентус» ҳужумчиси Пауло Дибала коронавирусга чалингани хабар қилинганди.
Италия айни дамда Европа минтақасида коронавирус энг кўп тарқалган мамлакат бўлиб турибди. Мамлакатда вирус билан касалланганлар сони 54 мингга етди. Шулардан 6 минг нафари тузалишга муваффақ бўлган, яна 5 мингга яқин киши вафот этган. Ўлим ҳолати 9 фоизни ташкил қилмоқда ва бу энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Изоҳ (0)