Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирус каби юқумли хасталикни тез орада инсоният бошидан аритиш борасида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга мувофиқ махсус амалларни адо этиш вазифасини диний соҳа ходимлари зиммасига юклади. Идоранинг 2020 йил 18 март куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликларига юборилган хатида шу ҳақда сўз боради.

Фото: Facebook

Унда жумладан, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликлари томонидан бир бош қорамол ва ҳар бир туман-шаҳарларда бир бош қўй, жами 15 бош қорамол, 200 та қўй сўйилиб, гўштлар ва ҳадялар ила кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонлар ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ўз хонадонларида икки ракаат «Нажот сўраш» намозини ўқиб бўлгач, «Солатан тунажжино», «Солатан нория» дуоларини 300 мартадан ўқиш, диний таълим муассасалари устоз ва талабалари ўз уйларида 70 та хатми Қуръон ўқиш ва Тошкент ислом институти устозлари тарафидан Имом Бухорийнинг «ал-Жоме ас-Саҳиҳ» асарини хатми Бухорий қилиш белгиланган. Бу амаллар 20 март жума куни соат 12:00 гача якунланиши таъкидланган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги «Сузук ота» мажмуасида 7 нафар энг табаррук уламо томонидан ушбу хайрия тадбирлари, хатми Қуръонлар ва саловотлар ижобатини сўраб, якуний дуолар адо этилиши лозимлиги, шунингдек, вилоятлар бош имом-хатиблари худди шундай шаклда 7 нафар табаррук уламо иштирокида дуолар қилишлари зарурлиги қайд этилади. Саудия Арабистонидаги ҳамкор ширкатлар вакилларига эса, Маккайи мукаррама ва Мадинайи мунавварадаги Ҳарами Шарифларда дуо-тазарруда бўлиш, мўмин-мусулмонлар ўз оилалари даврасида зикр, истиғфор ва балони даф бўлиши учун беш маҳал намоздан сўнг дуо ва тазарруда бўлиш тавсия этилган.

«Kun.uz» бу масала юзасидан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековдан изоҳ олган.

Офатни даф қиладиган воситалар қаторида дуо дедик. Бундан ташқари, садақот ҳам балони даф қилади. Садақа бериш билан балони даф қилинглар, деган мазмундаги ҳадислар бор. Етим-есир, муҳтожларнинг кўнглини кўтариб, камбағалларга ёрдам қилиб, айниқса, бой-бадавлат кишилар бўлса, эҳсон қилишлик билан Аллоҳ таолодан балони даф қилишни сўраш ҳам бир восита.

Шу маънода, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам жойлардаги вакилликларга шундай бир тавсия билан чиқдики, масжидларда имкониятга қараб, балки ҳомийлар ёрдамида қурбонликлар қилиш, уларни муҳтожларга, камбағалларга тарқатиш, Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони карим хатми Қуръон қилинса, ўқилган жойга Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади, балолар кўтарилади. Хатми Қуръондан кейин қилинган дуо ҳам сўзсиз ижобат. Шу маънода, қориларга хатми Қуръон қилишлик тавсия қилинди.

Албатта, кенг халқ оммасига ҳам, имконияти бор кишилар хоҳ Қуръон тиловати, зикр-салавот билан машғул бўлса, ён-веридаги инсонларга ихлос билан имкони даражасида садақот қилса, мана шу офатнинг даф бўлишлигининг катта бир омилларидан бўлади. Бу динимизда тавсия қилинган, тажрибаларда бўлиб ўтган нарсаларки, ҳозирги пайтда шу нарсаларни амалга оширишлигимиз айни муддао бўлади.

Ҳомиджон Ишматбеков, Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари

Аввалроқ Мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати жума намозни 3—4 киши уйда ўқиб олиш мумкинми деган саволга жавоб берган.