Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин шароитида Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) томонидан бозорлар ва дорихоналардаги нархлар қатъий назоратга олинган, дейилади қўмита матбуот хизматининг хабарида.

Фото: «Дарё»

Фуқаролар маҳсулотлар нархининг асоссиз ўсишига дуч келган пайтда ДСҚнинг ишонч телефонига (71) 244-98-98 ёки 1198 рақамига қўнғироқ қилиб мурожаат қолдириши мумкин.

ДСҚ матбуот хизмати хабарига кўра, 18 март ҳолати бўйича қўмитага жами 1635 та мурожаат келиб тушган. Одамлар, асосан, картошка (497), ун (306) ва ўсимлик ёғи (63) нархларининг ошганидан шикоят қилмоқда. Энг кўп мурожаат 17 март куни келиб тушган бўлиб, шу куни жами 1112 та шикоят рўйхатга олинган.

Шикоятларнинг катта қисми тиббий ниқобларнинг юқори нархлари билан боғлиқ. Давлат солиқ қўмитасига ниқоблар нархларининг кескин оширилгани борасида 240 та талабнома келиб тушган, 46 нафар фуқаро антисептик воситалар нархларининг кўтарилгани ҳақида шикоят қилган.

Энг кўп шикоят Тошкент (288), Самарқанд (238) ва Андижон (202) вилоятларига тўғри келган. Хоразм вилояти (12), Қорақалпоғистон Республикаси (16) ва Сирдарё вилояти (17)дан нисбатан камроқ мурожаат ва шикоятлар келиб тушган.

Солиқ хизмати ходимлари барча мурожаатлар юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишларини ташкил этган, нархлар кўтарилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда, виждонсиз тадбиркорларга нисбатан кескин жазо чоралари қўлланилади.

Аввал Давлат солиқ қўмитаси вакили нархларни атайлаб ошираётган савдогарлар борлигидан огоҳлантиргани, Ўзбекистондаги тадбиркорлардан коронавирус карантини шароитида нархларни оширмаслик ҳақида кафолат хати олинаётгани, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг нархларни асоссиз ошираётганларга бировнинг ташвиши эвазига топилган пул ҳеч кимга буюрмаслигини айтгани ҳақида хабарлар берилган.