Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 18 март, чоршанба куни, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Агриппина Шин журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, агар бола уйда бўлса, ота-онадан бирига таътил берилиши ҳақидаги хабар қанчалик ҳақиқатга яқинлиги борасидаги масалага изоҳ берди:
«Бу масала кўпроқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатига кўпроқ тааллуқли. Аммо биз ҳам ушбу саволни кўриб чиқяпмиз. Меҳнат кодексида карантин пайтида ота-оналар, хусусан, бу оналарга тегишли бўлса керак, уларга 14 кунгача таътил берилади. Бироқ шундай бўлса-да, мазкур савол кўпроқ юқоридаги 2 та вазирликнинг ваколатлари доирасига киради».
Шунингдек, ота-оналар болаларни ҳеч кимга қолдириб кета олмаган вазиятларда қандай йўл тутишлари лозимлиги борасидаги саволга вазир профилактик чора-тадбирлар ҳамда Республика комиссияси қарорига асосан, ҳеч бир мактабгача таълим муассасаси болани карантин даври якунигача қабул қилиши мумкин эмаслигини таъкидлади.
Давра суҳбати давомида, шунингдек, профилактика чора тадбирлари якунига етгунига қадар болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича йўлланмаларни шакллантириш ва берилишини 16 март кунидан эътиборан алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар тўхтатилганлиги маълум қилинди.
Мавзуга доир: Агриппина Шин мактабгача таълим муассасаларида қайси ходимлар фаолиятини иш жойида амалга ошириши ҳақида маълумот берди
Изоҳ (0)