Коронавирус билан боғлиқ вазиятга оид ёлғон хабар тарқатган Telegram’даги каналлар муаллифларига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан огоҳлантирув хатлари келмоқда. Тармоқдаги муҳокамаларда буни цензуранинг бошланиши дея баҳолашмоқда. АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов ушбу ҳолатга изоҳ берди, деб хабар қилади «Kun.uz».

Фото: «Дарё»

Дилшод Саиджоновнинг айтишича, бу ҳеч қандай цензура эмас, фақат хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳамда фуқароларга қонунчиликни эслатиб қўйиш учун шундай хабарлар юборилмоқда.

Афсуски, кўпчилик қонунларни ўқимайди. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-1-моддаси веб-сайт эгаси, шунингдек, блогерларга бағишланган. Ушбу қонунда қандай ахборотни тарқатиш мумкин эмаслиги аниқ ёзиб қўйилган.

Яъни муаммо нимада? Бу коронавирус ҳақида тарқатилган ахборот ҳақида эмас. Муаммо шуки, расм ёки видео олиняпти ва шу расм, видеога шарҳ бериляпти. Масалан: «Мана, Тошкентда озиқ-овқат бўйича муаммо бўляпти, аҳоли тўпланган. Озиқ-овқат етмайди. Тақчиллик юзага келади» деган хабарлар тарқаб кетди. Telegram’даги гуруҳларда, ҳар хил каналларда ва Facebook саҳифаларида шундай хабарлар тарқалди.

Бир томондан, фуқароларимизни тушунаман. Улар тезкорлик билан маълумот беришга ҳаракат қилишади. Фақат уларнинг қолдираётган изоҳлари қонунчиликка зид ҳисобланади. Буни улар билмагани учун ёзишмоқда, лекин билган ҳам, билмаган ҳам қонун олдида тенг.

Шунинг учун биз аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи ахборотлар тарқатаётганлар жиноий жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида қонундаги нормаларни эслатишни жоиз деб билдик.

Жиноят кодексининг 244-1-моддасида аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи хабарлар тайёрлаш ва тарқатишга жавобгарлик белгиланган. Ушбу модданинг яна бир муҳим жиҳати – мазкур хабарлар оммавий ахборот воситаси орқали ёки интернет орқали тарқатилса, 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Ушбу жавобгарликларни фуқароларимизга эслатиш учун биз огоҳлантирув хатлари билан чиқишга мажбур бўлдик. Чунки бизга бундай асоссиз ваҳималар керак эмас. Ваҳима нима оқибатга олиб келишига тарих гувоҳ.

Бош вазир Абдулла Арипов ҳам ОАВ ва блогерлар билан бўлган йиғилишда барча озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканини айтиб ўтган эди. Шунга қарамасдан ваҳимали ахборотлар тарқади. Шунинг учун биз мажбур бўлдик.

Дилшод Саиджанов, АОКА биринчи ўринбосари

Шунингдек, АОКА раҳбари коронавирусга чалинган аёл ҳақидаги маълумотлар тарқаб кетганига ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Коронавирусга чалинган аёл ҳақида шахсий маълумотлар Telegram каналларида тарқалиб кетди. Агентлик томонидан огоҳлантирувчи тизим ишлаб чиқилган. Фуқаролар ушбу хатоларни қилмаслик учун биз гуруҳ админларига ушбу хатларни юборяпмиз. Хатларимизда уларнинг хатосини исботлаб кўрсатяпмиз ҳамда нима жавобгарликка олиб келишини ҳам эслатиб ўтяпмиз.

Қонунни бузганини тушунганлар хабарни олиб ташлаяпти. Олиб ташламаганлари билан эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳуқуқий баҳо бериши керак», — дейди Саиджонов.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи 14 нафар фуқаро коронавирус аниқланган шифокор аёл билан Франциядан бир самолётда учиб келганлиги ҳамда улар назоратда эканлиги тўғрисида хабарлар рад этилганди. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов агар бирорта фуқаро ўзи билганича, нотўғри фикрлар айтиб, аҳолини ваҳимага соладиган ахборот тарқатса, жиноий жавобгарликка тортилишини маълум қилганди.