АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга чалинмаган — ўтказилган текширув шундай натижа кўрсатди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришем маълум қилди.

Фото: Global Look Press

«Мар-а-Лагода Бразилия делегацияси билан ўтказилган кечки овқатдан бир ҳафта ўтиб ҳам президент Трампда ҳеч қандай касаллик белгилари намоён бўлмади», — деб қўшимча қилди у.

Бу ахборот Трампнинг шахсий шифокори Шон Конли томонидан ҳам тасдиқланди. «Бугун оқшомда текширув президентда коронавирус йўқлигини тасдиқлагани ҳақида хабар топдим», — деди у.

Трампнинг саломатлиги борасидаги хавотирлар у консерваторлар қурултойида касалланганлар билан кўришган конгрессменларни қабул қилганидан сўнг, шунингдек, Бразилия делегацияси билан учрашувларидан сўнг пайдо бўлган эди.

Учрашувлар давомида Трамп Бразилия президенти матбуот котиби Фабио Вайнгартен билан бирга суратга тушганди — учрашувдан кўп ўтмай Вайнгартенда коронавирус инфекцияси топилди.

Шундан сўнг АҚШ президенти 14 март, шанба куни, коронавирусга тест топшириб, президент маъмуриятининг у билан мулоқотда бўлган барча ходимлари ҳам текширувдан ўтказилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, АҚШ президенти иштирокидаги матбуот анжуманларига ташриф буюраётган журналистларнинг тана ҳароратини ўлчаш амалиёти ҳам йўлга қўйилди.