Иорданиянинг Амман шаҳрида Токио—2020 Олимпиадасига лицензия берадиган мусобақанинг навбатдаги жанглари 9 март, душанба куни ўтказилмоқда.
-57 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Миразизбек Мирзаҳалилов мусобақанинг чорак финалида гонконглик Синг Ю Сога қарши рингга чиқди. Жанг тўлиқ ўзбекистонлик боксчининг устунлигида ўтди. Якунда ҳакамлар Мирзаҳалиловнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этди.
Шу тариқа Миразизбек Токио Олимпиадасига йўлланма олган олтинчи ўзбекистонлик боксчига айланди ва лицензион мусобақанинг ярим финалига йўл олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бобоусмон Ботуров, Санжар Турсунов, Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зоиров ва Элнур Абдураимовнинг Олимпиадага йўлланма қўлга киритгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)