Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида йўналишли такси ҳайдовчилари йўловчи талашиб жанжаллашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
2 март куни тахминан соат 11:15 ларда Қарши шаҳридаги Эски шаҳар—Пистакент йўналиш автотураргоҳида Damas ҳайдовчиси 30 ёшли Ф.Э. бошқа бир Damas русумли автомашина ҳайдовчиси 22 ёшли Н.Ш. билан йўловчи талашиб, ўзаро жанжаллашиб қолади.
Ф.Э. Н.Ш.ни ҳақорат қилиб, йўловчиларни ўзининг машинасига чиқариб, навбатсиз «Гулистон» маҳалласи томон кетган. Шундан сўнг Н.Ш. ва унинг таниши 19 ёшли Г.Т. Ф.Э.нинг ҳақорат қилиш сабабини аниқлаш мақсадида Н.Ш.нинг автомашинасида Ф.Э.нинг орқасидан бориб, «Гулистон» маҳалласидаги кўчаларнинг бирида учрашган.
Ўзаро суҳбат жараёнида Ф.Э. фуқаро Г.Т. билан ўзаро жанжаллашиб, ёнидаги пичоқ билан Г.Т.га жароҳат етказган. Натижада Г.Т. тиббиёт муассасасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва Ф.Э. гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)