МДҲ мамлакатларида истиқомат қилувчи ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон фуқаролари учун 2020 йил 1 мартдан бошлаб ушбу мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларида хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олиш имконияти яратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Республика фуқаролари хорижга чиқиш учун биометрик паспортни олиш ва қабулга ёзилиш (биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни топшириш) учун https://consulate.mfa.uz веб-портали орқали электрон ариза тўлдириши мумкин.
Шунингдек, вазирлик томонидан хорижий мамлакатларда паспорт расмийлаштириш тизимини босқичма-босқич татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда ва унинг натижалари тўғрисида ватандошлар ўз вақтида хабардор қилинади, дейилади вазирлик хабарида.
Бундан ташқари, 1 мартдан бошлаб https://consulate.mfa.uz веб-порталида консуллик рўйхатига олиш интерактив тизими жорий этилган бўлиб, буни фуқаролар масофадан туриб Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига шахсан келмасдан амалга ошириш мумкин.
Изоҳ (0)