Ўзбекистонда эски намунадаги 25 сўм ва ундан кичик бўлган танга ва банкнотлар 1 мартдан бошлаб муомаладан чиқарилади. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълумот берган.
Ушбу ўзгариш 2019 йил 18 сентябрда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматидаги эски намунадаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тўғрисида»ги низомга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 1 мартдан бошлаб фақат Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари томонидан муомаладаги танга ва банкнотларга алмаштириб берилиши мумкин.
Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги танга ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача этиб белгиланди.
Бунда ҳисоб-китоблар мижозлар ва аҳолининг талабига асосан:
- банк пластик картаси ҳисобварақларига кирим қилиниш орқали (тўлиқ қийматда);
- муомаладаги танга ва банкнотларга айирбошлаб бериш орқали;
- мижозларнинг тегишли ҳисобварақларига, фуқароларнинг аризасига асосан омонатга кирим қилиш орқали;
- коммунал ва бошқа бир марталик тўловлар учун қабул қилиш орқали амалга оширилади.
Изоҳ (0)