Саудия Арабистони Туризм вазирлиги коронавирус билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайд этилган 7 та мамлакат фуқаролари учун электрон сайёҳлик визаларни беришни вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг СПА агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Хитой, Япония, Сингапур, Жанубий Корея, Малайзия, Италия ва Қозоғистон фуқаролари учун электрон сайёҳлик визалар берилиши тўхтатилди. Ушбу мамлакатлар фуқаролари Саудия аэропортларига етиб борганларида ҳам сайёҳлик визаларини ололмайди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу мамлакатлар фуқаролари илгари олган сайёҳлик визаларидан ҳам ҳозирча фойдалана олмайди.
Қироллик ҳукумати бу «вақтинчалик чора» эканини таъкидламоқда. Электрон сайёҳлик визаси олиш ҳуқуқига эга бўлган дунёнинг бошқа 40 дан ортиқ мамлакатлари фуқаролари эса бу имкониятдан фойдаланишда давом этиши ёки аэропортга етиб борганида виза олиши мумкин.
Қайд этилишича, Саудия Арабистонига бир неча мамлакат фуқаролари ташриф буюриши учун 2019 йилдан жорий қилинган сайёҳлик визаси мусулмонларнинг муқаддас қадамжолари жойлашган Макка ва Мадинани зиёрат қилиш ҳуқуқини бермайди.
Аввалроқ Саудия Арабистони коронавирус сабабли 2020 йил 27 февраль кунидан эътиборан Умра зиёратчиларининг мамлакатга киришини вақтинчалик тақиқлагани хабар берилган эди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Умра визасининг берилиши вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.
Изоҳ (0)