Саудия Арабистони ҳукумати мамлакат ҳудудида янги турдаги коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор чоралар кўрди. Бу ҳақда подшоҳлик Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Фото: Arab News

Хусусан, Саудия ҳукумати мамлакатга Умра амалини бажариш учун келадиган зиёратчиларнинг мамлакатга киришини вақтинчалик тақиқлади.

Бундан ташқари, Саудиянинг «ваколатли соғлиқни сақлаш органлари таснифига мувофиқ коронавирус тарқалиши аниқланган» мамлакатлардан келаётган сайёҳларнинг подшоҳликка киришига вақтинча тақиқ қўйилган.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Саудия Арабистони коронавирусга қарши кураш доирасида бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар, айниқса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кўраётган чораларни қўллаб-қувватлашга тайёр.

Янги турдаги коронавирус инфекцияси 2019 йил декабрь ойи охиридан Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқала бошлаган эди. ЖССТ уни кўплаб ўчоқларга эга эпидемия деб баҳолаб, халқаро миқёсдаги фавқулодда вазият дея тан олган. Ҳозирда Хитойдан ташқари яна 42 мамлакатда коронавирусни юқтириб олган беморлар аниқланган.

Хитойнинг ўзида коронавирусни юқтириб олганлар сони 80 мингга яқинлашган, қурбонлар сони салкам 3 минг кишига етган.

Мавзуга доир барча янгиликлар: Хитой коронавируси