Гонконг расмийлари COVID-19 коронавирусининг канализация қувурлари орқали тарқалиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ушбу тахмин шаҳардаги турар жой комплексларидан бирида содир бўлган воқеа туфайли юзага келди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, касалланганлардан бири 62 ёшли аёл бўлиб, у эпидемиянинг марказига айланган Уханга бормаган ва бошқа касалланган кишилар билан алоқада бўлмаган. Фақатгина эҳтимолий вирус манбаси бир ҳафта олдин касалхонага ётқизилган 75 ёшли одам бўлиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, эркак ва аёл таниш бўлмаган, аммо битта канализация қувури уларнинг квартираларидан ўтган.
Гонконгда канализация тизими орқали вирус юқиши 2002 йилда атипик пневмония тарқалиши пайтида рўй берганлиги сабабли, расмийлар уй аҳолисининг бир қисмини эвакуация қилди ҳамда сув таъминоти ва канализация тизимини текширишни бошлади. Улар тизимда вирусни топа оламаган, шунингдек шубҳали қувур ўтган бошқа хонадонларда ҳам вирус аниқланмаган.
Бироқ, мутахассислар беморлардан бирининг квартирасида канализация қувури мустақил равишда қайта ўрнатилганлигини аниқлаган. Нотўғри қилинган иш сабабли, ҳожатхонага қувурдан ҳаво чиқиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрига кўра, вируснинг ахлат орқали юқиши мумкин бўлганлиги сабабли, у шу тарзда бир квартирадан бошқасига кўчиб ўтган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, расмийлар вирусни бутун турар жой мажмуасига тарқалиш хавфи йўқлигини таъкидлаган, чунки белгиланган ме‘ёрдаги қувур ўрнатилганида вирус ташқарига чиқа олмайди, унга тизимдаги доимий сув йўл қўймайди. 2002 йилда касаллик қўзғатувчи бактериялар канализация тизими орқали ҳаракат қилганда, қувурларда сув бўлмаган. Натижада 300 киши касалланган, 42 киши вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, ЖССТ қарорига мувофиқ, коронавирус COVID-19 номини олган, бу Corona Virus Disease жумласининг қисқартмаси («коронавирус келтириб чиқарадиган касаллик») ва мос равишда вирус тарқалган йил (2019). Экспертлар Хитойда тарқалган коронавирусга қарши биринчи вакцина 18 ойдан кейин пайдо бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Хитойлик олимлар эса коронавирусни аниқлаш бўйича тестларнинг ишончлилигини шубҳа остига олди. Шунингдек. Олимлар панголинларни коронавируснинг оралиқ ташувчиси деб тахмин қилмоқда. Гонконглик олимлар эса коронавирусни 40 дақиқада аниқлайдиган ускуна ихтиро қилди.
Хитой Соғлиқни сақлаш давлат комиссияси мамлакатда COVID-19 коронавируси оқибатида вафот этганлар сони 12 февраль ҳолатига 1113 кишига етгани ҳақида хабар берди. Хитой бўйлаб вирусни юқтириб олганлар сони 44 653 кишини ташкил этмоқда, шу кунга қадар уларнинг 4740 нафари даволанган, 8204 одам оғир аҳволда, касаллар билан алоқда бўлган яна 185 минг киши назорат остига олинган.
Мавзуга доир: Хитой коронавируси бўйича 12 февралнинг асосий хабарлари
Изоҳ (0)