2019 йилда Америка уй хўжаликларининг кредитлар бўйича умумий қарздорлиги 601 миллиард доллар ёки 1,4 фоизга ортиб, рекорд 14,15 триллион долларни ташкил этди, деб ёзади «РБК» Нью-Йорк федерал захира банки маълумотларига асосланиб.
Бу молиявий инқироз ҳукм сурган 2008 йилнинг учинчи чорагидаги кўрсаткичдан 1,5 триллион долларга кўпроқ. Қарзлар кетма-кет 22-чорак мобайнида ўсиб бормоқда.
Умумий сумманинг аксарият қисми яъни 9,56 триллион доллар ипотека бўйича, бир йил ичида улар 433 миллиард долларга ортди. Ундан кейин эса ўқиш учун олинган қарзлар — 1,51 триллион долларни ташкил этмоқда. Ушбу сумманинг 100 миллиард доллари 60 ёшдан каттароқ одамларга берилган.
Автокредитлар ва кредит карталари бўйича қарздорлик 57 миллиард долларга ошиб, мос равишда 1,33 триллион ва 0,93 триллион долларни ташкил этди.
Қайд этилишича, 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган фуқароларнинг қарзлари умумий миқдори рекорд 1,04 триллион долларга етди.
Кредит карталари бўйича қарзлар 2016 йилдан бери ўсиб бормоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида, дейилади хабарда.
Нью-Йорк федерал захира банки иқтисодчилари 20—30 ёшли фуқароларнинг қарзлари миқдори ошиб боришини ўқиш учун харажатлар катта эканлиги билан изоҳлайди.
Изоҳ (0)