Самарқандда ЙПХ инспекторидан маъмурий баённома тузмасликни талаб қилиб, унинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилган ҳамда ходимнинг бодикамерасини юлиб олган фуқарога 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев маълум қилди.
Таъкидланишича, вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори, сафдор Ф.Абдусаматов 2020 йилнинг 11 февраль куни Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек, Спитаменшоҳ ва Беруний кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган вақтида Пастдарғом тумани «Галаботир» маҳалласида яшовчи фуқаро А.Ж. бошқарувида бўлган Damas русумли автомашинани тўхтатган.
Ҳайдовчи А.Ж. йўл ҳаракати қоидаси талабларини қўпол равишда бузиб, «тўхташ тақиқланган» йўл белгиси остида сабабсиз тўхтаб турган. Ҳайдовчи мазкур ҳолатни унга тушунтириб, қоидабузарлиги учун маъмурий баённома тузаётган ЙПХ инспекторидан жарима ёзмасликни талаб қилиб, қонуний фаолиятга тўсқинлик қилган. Бу ҳам етмаганидек ходимнинг эгнидаги хизмат кийимига ўрнатилган бодикамерани юлиб олган.
Самарқанд шаҳар Маъмурий суди қарорига асосан фуқаро А.Ж. «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинланган.
Изоҳ (0)