Россиянинг Калининград шаҳри 1 февраль, шанба куни, профессионал бокс оқшомига мезбонлик қилади.
Ушбу бокс кечасида ўзбекистонлик тўрт нафар боксчи рингга кўтарилади. Хусусан, -58,9 кг вазн тоифасида Шукуржон Раҳимов (2019 йилги Осиё чемпионати бронза медали соҳиби) проф рингдаги дебют жангини африкалик Рипфумело Чиквамбанага қарши ўтказади.
-72,5 кг вазн тоифасида рингга чиқаётган Одилжон Аслонов (1-0, 1 КО) эса проф боксдаги иккинчи жангида беларуслик Дмитрий Атроховга (16-6, 7 КО) тўқнаш келади. Аслоновнинг «Дарё»га маълум қилишича, спортчи «Патриот» промоутерлик компанияси билан 3 йиллик шартномага имзо чеккан.
Рио—2016 Олимпиадаси бронза медали совриндори, 79,3 кг вазн тоифаси вакили Рустам Тўлаганов (2-0, 1 КО) проф боксдаги учинчи жангини польшалик Норберт Дабровскига (23-8-2, 10 КО) қарши олиб боради.
Оғир вазн тоифасида эса Улуғбек Мубинов ўзининг дебют жангини Босния ва Герцеговинадан бўлган Срждан Говерданицага (7-8, 5 КО) қарши олиб боради.
Ўзбекистонлик боксчиларнинг жанглари Тошкент вақти билан 20:00 да бошланиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)