Ўзбекистон ҳукумати коронавирус эпидемияси расман бартараф этилмагунича Хитойга сафарларни ва ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга ташрифларни вақтинча тўхтатиш тўғрисида топшириқ берди. Ушбу маълумотни «Дарё»нинг ҳукуматдаги манбалари тасдиқлади.
Шавкат Мирзиёев 31 январь, жума куни, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашув давомида айни вақтда нафақат Хитой, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам қайд этилаётган коронавирус масаласига қисқача тўхталиб ўтди.
«Ҳозирги коронавирус кўзимизни мошдек очиши керак», — деб айтган Президент. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бунда қайси йўналиш бўйича нималар қилиниши керак, нималар ихтиро қилиниши керак — шу каби масалаларга тайёр бўлиш лозим.Аввалроқ Туризмни ривожлантириш қўмитаси Ўзбекистон ҳукумати коронавируснинг мамлакатга киришига йўл қўймасликка оид чоралар кўраётгани, шу муносабат билан мамлакатда фаолият юритаётган туроператор ва турагентларга қатор тавсиялар билан мурожаат қилганди.
Аввалроқ Россияда биринчи коронавирус билан хасталанган икки шахс аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)