Тошкентнинг Яшнобод туманида хорижий корхона раҳбарининг номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, унинг 2,5 миллиард сўмини талон-тарож қилган бошқа корхона мансабдор шахсларига жиноий иш очилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, «Н-К» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси мансабдор шахслари ва бошқалар, мулкий манфаат кўриш мақсадида ўзаро олдиндан тил бириктириб, «С.К.» хорижий корхонаси раҳбарининг номидан «Н-К» МЧЖ таъсисчилари қаторидан чиқиши ҳақида аризасини сохталаштирган.

Шунингдек, қўшма корхонанинг навбатдан ташқари таъсисчилар йиғилиши баённомасига сохта маълумотларни киритиб, «С.К.» корхонасининг «Н-К» қўшма корхонасидаги 2 миллиард 460 миллион сўмлик улушини ўзлаштирган.

Ҳолат юзасидан «Н-К» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.