Кириб келган 2020 йил илм-фан тарихида рўй берган қатор муҳим кашфиёт ва ихтироларнинг юбилей саналарини ҳамда буюк олимларнинг таваллуд айёмларини бизга тақдим этади. «Дарё» орқали ушбу муҳим саналарга бағишлаб мақолалар беришни режалаштирганмиз. Қуйида эса – «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимовдан жорий йилнинг энг муҳим ўнта илмий юбилейи ҳақидаги мақола.
Мавзуга доир:
Фрэнсис Бэкон қачон туғилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Билвосита белгиларга кўра у тахминан 1220 йилда туғилган деб қаралади.
Фрэнсис Бэкон даврининг энг йирик табиацҳуноси ва файласуфи бўлган. У аввалига Оксфордда таълим олган. Кейин Париж университетида маърузалар ўқиган. Оламни тадқиқ қилиш учун изчил илмий экспериментлар ўтказиш қанчалик зарурлиги, текшириш, синаш ва кузатиш орқали муҳим илмий натижалар олиниши мумкинлигини биринчилардан бўлиб айнан Бэкон кўрсатиб берган эди. Шунингдек, табиат ҳодисаларининг моҳиятини тушунишда фундаментал фанларнинг, хусусан, математиканинг аҳамияти нақадар катта эканини ҳам Бэкон тарғиб қила бошлаган. Унинг ўзи оптика фани билан профессионал даражада шуғулланган.
Бозе-Эйнштейн конденсати олинганига чорак аср тўлади
Ҳаммамизга мактабда модданинг уч хил агрегат ҳолати – қаттиқ, суюқ ва газ ҳолати бўлиши тушунтирилган. Бугунги кун илм-фани бу қаторга яна плазма ва Бозе-Эйнштейн конденсати ҳолатини ҳам қўшади. Бозе-Эйнштейн конденсати ҳақида илк бор дунё олис 1924 йилда эшитган эди. Ўшанда ҳинд физиги Шатендранат Бозе замондоши бўлган Альберт Эйнштейнга хат йўллаб, модда ўта паст ҳароратда, мутлақ нолга яқин даражаларда ўзини қандай тутиши борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашган. Бу ҳақиқат эканини Эйнштейн ўша йилдаёқ назарий исботлаган бўлса-да, фанда Бозе-Эйнштейн конденсати амалий жиҳатдан олинишига фақат 1995 йилдагина эришилган. Кўриб турганингиздек, айрим илмий ғояларнинг исботи учун 70 йилгача ҳам вақт кетиши мумкин...
Улуғ мунозарага 100 йил
1920 йилнинг 26 апрелида ХХ аср илм-фани учун ғоят муҳим ва катта аҳамият касб этган мунозара бўлиб ўтган. Ўшанда астрономлар Харлоу Шепли ва Гебер Кёртис бир-бирига қарши даҳанаки илмий «жанг»га чиққан. Ташқаридан қараган одам учун анчайин зерикарли ва мужмал кўринган ўша мунозарада олам манзарасининг замонавий талқини муҳокамага ташланган эди. Шепли ўзи тайёрлаб келган матнга кўра Сомон йўли бу бутун борлиқнинг ўзгинасидир ва коинот аслида шу Сомон йўли галактикасидан иборат деган фикрни ҳимоя қилди. Кёртис эса Сомон йўли коинотда ёлғиз эмас ва телескопда кузатилаётган хира спиралсимон туманлик ҳам яна бир шунга ўхшаш галактика деган фикрда собит турди. Мунозарада ғолиб аниқланмаган бўлса-да, тарафлар бир-бирининг важларини инкор этиб, ўзининг ҳақлигига ишонч билан хайрлашган.
Баҳсга ўша давр матбуоти «улуғ мунозара» деб ном берган эди. «Улуғ мунозара»да аслида ким ҳақ бўлганига 1924 йилда Эдвин Хаббл ойдинлик киритди. У Кёртис ҳақ эканини исботлади ва ҳақиқатан ҳам у айтган хира спиралсимон туманлик аслида бутун бошли улкан галактика эканини очиб берди. Шепли мағлубиятни тан олди.
Мавзуга доир:
Ток билан ўйнашиб бўлмайди. Бироқ икки аср олдин олимлар электр токи ҳақида деярли ҳеч нарса билмаган, шу сабабли электр токи борасидаги тажрибаларни ҳатто ўз танасида синаб кўришга ҳам қўрқмаган.
Илк тажрибаларни 1800 йилда италян физиги Алессандро Вольта бошлаб берган эди. Ўшанда у моҳиятан замонавий батарейканинг «аждод»ини ясаган ва илк электр тажрибаларини олиб борган эди.
Кейинги 20 йил мобайнида эса кўплаб олимлар электр ва магнетизм ҳодисаларининг ўзаро боғлиқлигини аниқлаш устида тажрибалар олиб борди. Улар орасида Копенгаген университети олими Ҳанс Христиан Эрстедга кўпроқ омад кулиб боқди. 1820 йилда айнан Эрстед биринчи бўлиб электр токи оқаётган сим яқинида турган компас стрелкаси ҳам ҳаракатга келаётгани, яъни у шимолни эмас, ток ўтаётган симни кўрсатаётганини пайқаб қолди. Шу тариқа электр ва магнетизм ҳодисалари ўзаги битта экани аён бўлган эди.
Рентген нурларининг очилганига 125 йил
1895 йилда немис физиги Вильгельм Конрад Рёнтген томонидан кашф этилган рентген нурлари ҳақида «Дарё» аввал ҳам мақола берган эди.
Рентген нурлари деярли дарҳол тиббиёт соҳасида травматологларнинг яқин ёрдамчисига айланди. Шу билан бирга, ўтган 125 йил муддат ичида рентген нурлари воситасида бошқа фан соҳаларида ҳам йирик кашфиётлар қилинганини тилга олмай илож йўқ. Астрономияда коинотдаги объектларнинг рентген нурлари диапазонидаги тасвирлари олиниши ёки биология ва кимё учун молекулаларнинг рентгенографик тасвирлари воситасида тадқиқ қилиниш усуллари ишлаб чиқилиши шулар жумласидандир.
Розалинда Франклин таваллудига 100 йил
Эҳтимол, тарихан энг катта адолатсизликка йўлиққан олималардан бири Розалинда Франклин бўлса керак. Чунки ДНК қўшспиралини кашф этилишида энг катта иш ҳажмини айнан шу аёл бажарган. Айтиш жоиз бўлса, «қора иш»ни Розалинда Франклин қилган-у, Уотсон билан Крик охирида улоқни илиб кетиб, кашфиётни ўз номига расмийлаштиришган.
Розалинда Франклин 1920 йилда Лондонда туғилган. 1945 йилда Оксфордни тамомлагач, Парижга йўл олган ва рентгенографик усул воситасида кристалл структураларни тадқиқ қилиш билан илмий иш бошлаган. Орадан бир неча йил ўтиб, у Лондондаги Қироллик коллежига ишга қайтган ва ўша ерда ўзининг рентгенокристаллография борасидаги ишлари билан Морис Уилкинсни таништирган. Бу нарса ДНК структурасини ўрганишдаги нечоғлик аҳамият касб этишини дарҳол фаҳмлаган Уилкинс бу борадаги изланишларни кучайтирган. Розалинданинг усуллари ҳақида бохабар бўлган Уотсон ва Крик ҳам бу методикани дарҳол ўзлаштириб, бизга яхши таниш бўлган ДНК қўшспирали архитектурасини кашф қилган.
Афсуски, Розалинда Франклин жуда эрта вафот этган (1958 йилда). Унинг ўлимидан уч йил ўтиб Уотсон, Крик ва Уилкинс ушбу кашфиёт учун Нобель мукофотига сазовор бўлган. Ҳозирда кўпчилик олимлар Розалинда бу пайтда тирик бўлганида албатта Нобель олган бўларди деб таассуф қилади.
Статистика ва демография фанлари асосчиларидан бири Жон Граунт туғилганига 400 йил тўлади
Жон Граунт 1620 йилнинг 24 апрелида Лондонда туғилган. У отасидан катта даромадли бизнесни мерос қилиб олган ва шаҳарнинг энг бадавлат кишиларидан бўлган. 40 ёшидан бошлаб шунчаки ўз қизиқишлари юзасидан Лондон аҳолисининг ўлим кўрсаткичини қайд этишга киришган. Бунинг учун махсус кундалик тутган ва жадвалларни тўлдириб борган. Кейин эса аҳоли нима сабабдан, қайси касалликлар туфайли, неча ёшда ва қайси ойларда кўпроқ вафот этаётганига эътибор қаратиб, математик таҳлиллар юрита бошлаган. Шу тариқа у илк демографик статистикани ҳосил қилган ва аёлларнинг ўртача умр давомийлиги эркакларникидан узоқроқ бўлишини, қишлоқларда эса ҳаёт давомийлиги шаҳарлардагидан яхшироқ эканини аниқлаган.
Ҳозир Граунт статистик маълумотлар таҳлили соҳасининг пионери ҳисобланади ва демографик тадқиқотларнинг энг биринчи йўлбошловчиси сифатида тан олинади.
Флоренс Найтингейл туғилганига 200 йил тўлади
Флоренс Найтингейл исми-шарифини кўпчилик умуман билмайди. Ҳамширалар яхши билмаса, бу аёл ҳақида деярли ҳеч қаерда маълумот учратмайсиз. Ваҳоланки, замонавий кўринишдаги ҳамширалик ишига асос солган ва врачларнинг энг яқин кўмакчиси, беморларнинг энг яқин ёрдамчиси бўлган ҳамшираларнинг энг катта «устози» шу одам бўлади.
Найтингейл 1820 йилда Флоренцияда туғилган. Германиядаги ҳамширалар тайёрлаш мактабида таҳсил олган ва Британия армиясининг ҳаракатдаги қисмларида ҳамшира бўлиб ишлаган. Хусусан, 1854 йилда Қрим уруши пайтида ҳарбий госпиталда ҳамширалар сафида ярадор аскарларга тиббий ёрдам кўрсатган.
У антисанитария ва антигигиена туфайли юзага келадиган асоратларни тадқиқ этган ва эпидемиология соҳаларида қатор янгиликлар қилган. Ўзи ишлаб чиққан тиббий хизмат усуллари орқали юзлаб аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Боз устига, мураккаб тиббий статистика юритиш ва касалликлар тарихини таҳлил қилиб бориш методикасини ҳам биринчи бўлиб Найтингейл қўллаган дейилади. Унинг статистик таҳлил усуллари орқали турли эпидемияларнинг тарқалиш механизмлари, касалликларнинг қўзғалиш шароитлари ҳақида тиббиёт илк пухта маълумотларга эга бўлди. Тиббий статистикани турли график ва диаграммалар воситасида визуал тақдим этиш усулини ҳам даставвал айнан у қўллаган.
Умуман олганда, ҳамширалик ишини алоҳида, муҳим ижтимоий касб сифатида мавқеи кўтарилишига ҳам Найтингейлнинг жонбозликлари сабаб бўлган.
Нейтроннинг мавжудлиги ҳақида илмий тахминга 100 йил
1911 йилда Эрнест Резерфорд атом ядросининг ички тузилишини ўрганишга киришди ва кейинги йиллар давомида атом марказида мусбат зарядли протон мавжудлигини аниқлади. Лекин протоннинг ўзи билан атом ядроси массасини изоҳлаб бўлмасди. Боз устига, атомнинг ўзи нейтрал бўлиб, протоннинг мусбат зарядини нейтралловчи манфий зарядли яна нимадир бўлиши лозим эди. Манфий зарядли электрон ҳам кўп ўтмай кашф этилди. Лекин бу ҳам умумий атом назарияси учун кифоя қилмасди. Резерфорд атом ядросида электр нейтрал зарядли (ёки, бошқача айтганда, ноль зарядли) яна бир заррача бўлиши керак деган тахминни билдирди. Бу тахмин у 1920 йил июнида ўқиган маърузаларининг бирида илк бора янграган эди.
Орадан 12 йил ўтиб, 1932 йилда Жеймс Чедвик нейтроннинг ҳақиқатан ҳам мавжудлигини аниқлади ва кўплаб физикларни ҳайрон қолдирди. Чунки аксар олимлар бунга шубҳа билдирган бўлиб, фақат Резерфорднинг ўзи ва яна америкалик кимёгар Уильям Харкинс бу кашфиётдан ҳайратланмаган. Улар учун бу мутлақо табиий, кутилган нарса эди. Чунончи, Харкинс мазкур электронейтрал атом заррачаси учун 1921 йилдаёқ «нейтрон» номини ўйлаб топган ва аллақачон ўз илмий мақолаларида қўллай бошлаганди.
Биринчи атом бомбасига 75 йил...
Рўйхатимиздаги энг аянчли ва ачинарли юбилей санаси десак бизни койимасангиз керак... Ҳа, ҳозирда ҳам бутун башарият устига қирилиб кетиш хатарини солиб турган, инсоният цивилизациясини бир зумда кунпаякун қилишга қодир даҳшатли қурол – атом бомбаси яратилганига бу йил 75 йил бўлади.
Атомни ижод этиб
Даҳшат бало бунёд этиб
Оқибатни ёд этиб
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.
деб ёзган шоиримиз Эркин Воҳидов нақадар ҳақ эди.
Оммавий қирғин қуролларининг энг даҳшатлиси бўлган атом бомбасининг дастлабки намунаси 1945 йилнинг 16 июлида АҚШнинг Нью-Мексико штати, Аломогордо саҳросида синаб кўрилган. Ўшандан буён ўтган 75 йил муддат ичида мана инсоният муттасил ядро уруши хавфи остида яшамоқда. Қанчалик ваҳимали бўлмасин, бу аччиқ ҳақиқат ва ҳозирда ядро жомадонига эга мамлакатлар раҳбарларининг биргина ишораси билан бомба бутун тамаддунни таназзулга йўлиқтириши мумкин...
Афсуски шундай. Бу нарсани одамзотнинг оловдан фойдаланишни ўрганиши, ёзувни кашф этиши, электр токини бўйсундириши сингари, оламшумул, тамаддунни навбатдаги босқичга кўтарадиган кашфиётлари қаторига қўшиш мумкин эди. Фақат, юқоридагилардан фарқли ўлароқ, бу «оламшумул» кашфиётнинг ижобий самарасидан кўра салбий оқибатлари яққолроқдир. Бу, шунингдек, илм-фаннинг кучини, олимларнинг ва билимнинг нималарга қодирлигини кўрсатадиган яққол мисол ҳамдир.
Изоҳ (0)