Amazon асосчиси, миллиардер Жефф Безос WhatsApp’дан Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон рақамидан юборилган деб тахмин қилинаётган зарарли файл олганидан сўнг хакерлар унинг телефонини бузган. Бу ҳақда The Guardian’га таяниб Meduza хабар бермоқда.

Фото: Reuters

Рақамли экспертизанинг кўрсатишича, телефон 2018 йилнинг 1 майида, эҳтимол саудиялик шаҳзода рақамидан видеофайл кўринишидаги SMS келганидан сўнг бузилган. Бунгача Безос ва бин Салмон мессенжерда дўстона гаплашаётган бўлган.

Файл юборилганидан сўнг бир неча соат ичида Безоснинг телефонидан катта ҳажмдаги маълумотлар кўчириб олинган. Телефондан айнан нима ўғирлангани ва ундан нима мақсадда фойдаланилгани номаълум.

Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчихонаси ОАВларнинг «жаноб Жефф Безос телефони бузилиши ортида қироллик турибди», деган тахминини беъманилик деб атади.

Аввалроқ Безоснинг телефони бузилишига Саудия Арабистони алоқадар бўлиши мумкинлиги ҳақида унинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Гэвин де Беккер ҳам айтган. У телефоннинг хакерлар томонидан бузлишини журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши воқеаси билан боғлаган. Қотилликда Саудия Арабистони ҳукумати гумонланмоқда.

2019 йилнинг январида, яъни Жефф Безос телефони хакерлар ҳужумига учраганидан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтгач, National Enquirer таблоиди миллиардернинг унинг машуқаси — телебошловчи Лорен Санчес билан ёзишмаларини эълон қилган. The Wall Street газетаси таблоид бу маълумотни телебошловчининг укаси Майкл Санчесдан, унга 200 минг доллар бериб сотиб олганини таъкидлаган.