Ўзбекистон олимпия терма жамоаси U-23 Осиё чемпионати—2020 ярим финалида Саудия Арабистонига ютқазиб қўйди (0:1).

Фото: ЎФА

Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Дастлаб ўзбекистонликлар устози Любинко Друлович ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

«Жуда қийин ўйин бўлди. Дам олиш учун кам кун бўлгани барибир ўз сўзини айтди. Лекин бугун ёмон ўйнамадик. Кўпроқ имконитяларга эга бўлдик. Биргина Бобур Абдухолиқовда учта яхши вазият бўлди. Афсуски, фойдалана олмадик. Ўйин охири рақиб учун омадли ўтди. Саудияликларни ғалаба билан табриклайман. Энди келгуси ўйинларга яхши тайёрланишга ҳаракат қиламан».

—  1 йилдан бери Ўзбекистон терма жамоасидасиз. Нима деб ўйлайсиз, нега бош терма жамоа ҳам, ёшлар ҳам ўйин охирида имкониятни бой бериб қўймоқда?

—  Билмадим. Бунга изоҳ бериш қийин. Бугунги ўйиндагидек биргина хато вазиятни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Футбол шуниси билан ҳам бошқа спортлардан фарқ қилади. Бугунги ўйин ўтиб бўлди. Энди буни унутган ҳолда бор эътиборимизни кейинги баҳсга қаратамиз.

—  Бугун мағлубият бўлса-да, Олимпиада йўлланмаси учун имкон бор. Йигитларни тайёрлашга улгурасизми?

— Аввало, натижага эришиш учун ўзимизни ишонтира олишимиз керак. Энди кейинги ўйинга боримизни бериб тайёрланамиз. Ҳозир йигитларни ҳам руҳий жиҳатдан тайёрлаш керак. Олимпиадага йўлланма қўлга киритиш Ўзбекистон учун қандай муҳим аҳамият касб этишини тушиниб турибмиз. Насиб қилса, келаси учрашувда бу ишончни оқлаймиз.

Шундан кейин Саудия Арабистони устози Саад Али ал-Шеҳри ўз фикрларини билдирди.

«Ҳозир ҳаяжондан бирор гап келмаяпти. 24 йилдан бери Олимпиада йўлланмасини кутаётган эдик. Бу билан бутун жамоамни табриклайман. Саудия Арабистони футболда Осиёдаги энг кучли жамоа бўлиб қайтмоқда».

—  Агар учрашув сўнгида гол ура олмаганингизда ҳам шундай ўйнашда давом этармидингиз?

—  Ўзбекистон мусобақанинг амалдаги ғолиби. Бу жамоада жуда кўп маҳоратли ўйинчилар йиғилган. Биз экстра-таймга ҳам секин тайёрланаётган эдик. Омад якунда биз томонда бўлди. Ўзбекистонга кейинги учрашувда омад тилайман.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!