Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Швейцария терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Эрен Дердийок билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар берди.
31 ёшли Дердийок ҳозирга қадар Туркиянинг «Гўзтепа» клубида тўп суриб келаётган эди. Футболчи тошкентликларнинг Абу Дабидаги йиғинларига бориб қўшилишга улгурган.
Ушбу трансферда «Пахтакор» бош мураббийи асосий ролни ўйнагани айтилмоқда. Боиси Шота Арвеладзе 2014—2015 йилларда Эрен Дердийок билан «Қосимпошо» клубида бирга фаолият олиб борган. Футболчининг трансфер суммаси ошкор қилинмаган. Журналист Шаҳбоз Беғамовнинг ёзишича, Дердийок «Пахтакор»да йилига 2-2,5 миллион евро атрофида маош олади.
Дердийок — 1988 йил 12 июнда таваллуд топган. Фаолияти давомида «Олд Бойз», «Базел», «Байер Леверкузен», «Ҳоффенҳайм», «Қосимпошо», «Галатасарой» каби клубларда тўп сурган. У жорий мавсум Туркия Суперлигаси доирасида 5 та ўйин ўтказиб, бирорта самарали ҳакаратни амалга оширмади.
Швейцария терма жамоаси сафида эса 2008—2017 йилларда фаолият олиб бориб, 60 та ўйинда майдонга тушган ва 11 та гол муаллифига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэль Адебаёр ва Марио Гомес каби ҳужумчиларнинг «Пахтакор»да пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Изоҳ (0)