«Чимён» тоғ-чанғи дам олиш оромгоҳида смегоход ва ҳаво тўлдирилган матрасда учаётган дам олувчилар ўртасида тўқнашув юз берди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бўстонлиқ тумани «Чимён» тоғ-чанғи дам олиш оромгоҳида 2020 йил 5 январь куни тахминан соат 11:00 да 17 ёшли Б.Е. Ямаҳа ВК540Б русумли қор-чанғи транспортини бошқариб кетаётганида, тепаликдаги қияликдан ҳаво тўлдирилган матрасда тушиб келаётган 22 ёшли М.М., 23 ёшли А.А. ва 20 ёшли А.А.ни босиб кетган.
Тўқнашув оқибатида матрасда бўлган 3 нафар шахс турли кўринишдаги тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган, улардан бири оғир аҳволда.
Мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, «Амирсой» тоғ-чанғи курортида ёш чанғичи йўқлиб қолган эди, қидирув ишлари натижасида у чанғи трассасидан ташқарида ўлик ҳолда топилган эди.
Изоҳ (0)