2019 йилнинг 23 декабрь куни 44-«Авиасозлар—Гулобод» йўналишида қатновчи «MAN» русумли автобусда 2 та от олиб кетилаётгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқади ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги тасдиқланган «Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари»да автобусда тумшуқбоғсиз итлар ва бошқа ҳайвонларни олиб юриш тақиқланиши белгиланган.
«Тошшаҳартрансхизмат»нинг маълум қилишича, тартиб-қоидани билгани ҳолда ҳайдовчи Б.Т. ҳамда чиптачи Т.I. йўловчилар хавфсизлиги ҳамда транспорт воситасига техник шикаст етказиши мумкинлигини ўйламай, автобус салонига отларнинг олиб кирилишига рухсат берган.
Қайд этилишича, ҳолат «Тошшаҳартрансхизмат» ва автобус саройи жамоалари ўртасида муҳокама қилинди. Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарагани учун чиптачи Т.I. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ҳайдовчи Б.Т.га нисбатан ҳайфсан эълон қилинди.
«Автобусларни техник жиҳатдан асраб-авайлашга жамият ҳамда автосаройлар мутасаддилари билан бирга ҳайдовчилар ҳам бирдек масъулдирлар. Бунинг учун эса улардан йўловчи ташиш қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият юритишлари талаб этилади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, фуқаролардан жамоат транспортларида юқоридаги каби ёки белгиланган қонун-қоидаларга зид ҳолатларга дуч келганда «Тошшаҳартрансхизмат«нинг 1062-сонли ишонч телефонига хабар бериш сўралган.
Изоҳ (0)