Тиббиёт ходимлари томонидан беморларга дори воситалари рецептини ёзиш бўйича қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик жорий этилади. Бу Президентнинг 2019 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида қайд этилган.
Ҳужжатда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2020 йил 1 майга қадар тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ёхуд моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатлар олишига тақиқ қўйиш юзасидан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш топширилди.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси дори воситаларига рецептлар ёзиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузганлик, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, дори воситаларини олиш ҳуқуқини берувчи рецептларни ёки бошқа ҳужжатларни сохталаштирганлик учун тиббиёт ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этиш юзасидан тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқади.
Изоҳ (0)