Ижтимоий тармоқларда Термиздаги «Юбилейний» савдо марказининг ҳовлисига яхна ичимлик сувларидан қад ростлаган арчанинг бир қисмини ўғирлаб кетилаётгани акс этган видео тарқалди.
Сурхондарё вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, буни Термиз шаҳар 6-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчилари бўлмиш 5 нафар вояга етмаган болалар Ҳ.А., А.Б, Б.О, Ж.А, М.Ш. содир этган аниқланган.
Маълум бўлишича, «Юбилейний» савдо маркази атрофига ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида кузатиб ўтирган қоровул Турғун Тожиев Термиз шаҳар 4-сон ИИБ навбатчилик қисмига хабар қилган. Воқеа жойига тунги навбатчилик қилаётган Термиз шаҳар «Алпомиш» маҳалласи 13-сонли таянч пункти катта профилактика инспектори етиб борган.
2019 йилнинг 31 декабрь кунидан 2020 йил 1 январь кунига ўтар кечаси тахминан соат 00:30 ларда беш нафар вояга етмаган болалар қўлга олиниб, Термиз шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Термиз шаҳар 4-сон Ички ишлар бўлимига олиб борилиб, улардан ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан профилактика катта инспектори томонидан 5 нафар вояга етмаган болаларнинг қоидабузарлиги юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)