АҚШнинг Бағдодга берган зарбаси оқибатида Эроннинг юқори жанговар тайёргарликка эга бўлган махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний ҳалок бўлди. Нима учун айнан у нишонга олинди ва унинг ўлими қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкин — «РБК» шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Қосим Сулаймоний.

Фото: Al Jazeera

Нима бўлди?

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал майор Қосим Сулаймоний Бағдод халқаро аэропорти яқинига берилган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди, дея 3 январь, жума куни Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ироқ Халқ сафарбарлик кучлари вакили Аҳмад ал-Асадийнинг сўзларига таяниб хабар тарқатди Reuters агентлиги.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Сулаймоний билан бирга Ироқ Халқ сафарбарлик кучлари қўмондони ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ҳам ҳалок бўлган. Учта ракета зарбасидан жами етти киши қурбон бўлган. Ракета зарбаси аэропортнинг юк терминали яқинига берилган, ҳужумдан сўнг икки автомобиль ёниб кетган.

АҚШ зарбаларни президент Дональд Трампнинг буйруғига асосан берди, дейилади Пентагон баёнотида. Ушбу зарбалар арафасида Бағдодда бир неча кун давомида аксиламерика намойишлари бўлиб ўтган, Вашингтон ушбу акция учун жавобгарликни эронпараст кучлар зиммасига юклаган эди. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Сулаймоний халқаро коалициянинг Ироқдаги базаларига уюштирилган, хусусан, 27 декабрь куни содир этилган ҳужум ташкилотчиси бўлган ва яна янги ҳужумларни режалаштираётган эди.

АҚШ 2019 йил бошида ИИМКни террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритиб, унга қарши имкони бор барча воситалар билан курашишга ваъда берган эди.

Қосим Сулаймоний ким ўзи?

Қосим Сулаймоний 62 ёшда эди. У Рабор шаҳрида, деҳқон оиласида туғилган, мактабни битирмаган. 1978 йилги ислом инқилоби вақтида инқилобий кучлар сафига қўшилган, шундан сўнг армия хизматига йўл олиб, 1980—1988 йиллардаги Эрон—Ироқ урушида қатнашган. Шахсий ҳаётда эса, The New Yorker суҳбатдошларининг сўзларига кўра, генерал камтар инсон бўлган, беш нафар фарзанди учун қаттиқ қайғурган, рафиқасини жуда суйган, уни ҳатто тез-тез хизмат сафарларига ҳам олиб кетган.

У «Ал-Қудс» бўлинмасига 1998 йилда бошлиқ этиб тайинланган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига Муҳаммад Али Жаъфарий раҳбарлик қилади, бироқ Сулаймоний шахсан Эрон олий етакчиси Али Хоманаийга ҳисобот берар ва ўз ҳаракатларини айнан у билан мувофиқлаштириб турарди, дейилади генералнинг The New Yorker ва Reuters’даги профайлларида.

«Ал-Қудс» (Қуддуснинг форсча аталиши) — Эрон ташқи сиёсатининг алоҳида бир воситаси бўлиб, бажарадиган иш ҳажми бўйича уни АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (разведка ва хориждаги операциялар) ва махсус бўлинмалари билан қиёслаш мумкин. Бўлинма 1979 йилда, минтақада Эрон таъсир доирасини, жумладан, шиа кучлар кўмагида кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. Бўлинма бош қароргоҳи АҚШнинг Теҳрондаги собиқ элчихонаси ўрнида жойлашган бўлиб, унинг сафида 10—20 минг киши бор. Исроилнинг Israel Hayom газетаси маълумотларига кўра, «Ал-Қудс» учун жангчиларни саралаб олиш ишлари бутун Эрон бўйлаб олиб борилади, таҳсил эса Шероз, Теҳрон ва Қумда олиб борилади, шундан сўнг жангчилар жанговар тажрибани қўлга киритиш учун Ироқ ва Афғонистонга йўл олади.

Бўлинма бошқарувини қўлга олгач, Сулаймоний 20 йил давомида ҳам сиёсатчи, ҳам ҳарбий сифатида ҳаракат қилди: рақибларнинг ўлдирилишини режалаштирди, иттифоқчиларни қуроллантирди, минтақада Америка ҳарбийларига қарши урушган кўплаб гуруҳларга раҳбарлик қилди. АҚШ Мудофаа вазирлигининг Махсус операция кучлари бошқармаси собиқ бошлиғи Стэнли Маккристал Foreign Policy журналида унга таъриф бераркан, Сулаймоний 20 йил ичида бутун минтақадаги шиа гуруҳларнинг асосий ташкилотчисига айланганини эътироф этганди (журнал 2019 йилда генерал Сулаймонийни жаҳоннинг энг асосий ҳарбий стратеглари рўйхатида биринчи ўринга қўйганди).

Эроннинг минтақадаги асосий иттифоқчилари Сурия ҳамда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» сиёсий ва террорчилик ташкилотидир — бу ташкилот кўп жиҳатдан айнан «Ал-Қудс» ва Эроннинг кўмаги билан 1980 йиллар бошида ташкил этилган эди. «Ҳизбуллоҳ» айнан «Ал-Қудс»нинг кўмаги билан 1983 йили АҚШнинг Байрутдаги, 1992 йили эса Исроилнинг Буэнос-Айресдаги элчихоналарига ҳужумлар уюштирган.

«Ҳизбуллоҳ», Сурия, Ироқдаги эронпараст кучлари билан алоқаларни айнан Сулаймоний йўлга қўйиб, мувофиқлаштириб турган. Сурияда давом этаётган фуқаролар урушидаги Эроннинг иштироки меъмори сифатида ҳам Сулаймоний кўрсатилади — айнан у Башар Асадни қўллаб-қувватлаш таклифи билан чиққан. Суриядаги урушга Россиянинг аралашуви бошлангунига қадар айнан Эрон Асад тузумини тугал мағлубиятдан сақлаб турганди.

Бироқ, Америка манфаатларига қарши курашиш билан бир қаторда, Сулаймоний АҚШ билан ҳамкорлик ҳам қилган. АҚШнинг Ироқдаги собиқ элчиси Райн Крокер 2001 йили, 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Афғонистондаги уруш бошланиши арафасида Женевада Эрон вакиллари билан ўтказилган махфий музокаралар ҳақида ҳикоя қилганди. Крокернинг сўзларига кўра, ўшанда Эрон делегациясига Сулаймоний раҳбарлик қилган, музокаралар давомида эронликлар АҚШга «Толибон» марралари жойлашган хариталарни тақдим этган.

Сулаймоний Ғарб, Исроил ва араб махсус хизматларининг бир неча суиқасдларидан омон қолган эди. 2019 йилдан бошлаб Эронда мамлакатнинг олий мукофоти — Зулфиқор ордени яна берила бошланди. Сулаймоний ушбу орденга Хоманаий қарорига асосан сазовор бўлган илк инсонга айланган эди.

Энди нима бўлади?

Эрон АҚШнинг ҳаракатларини террорчилик деб атаб, жавоб чоралари билан таҳдид қилди. Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаий Сулаймоний ўлдирилгани учун «шафқатсиз ўч» олинишига ваъда берди. «Барча душманлар шуни билиб олсинларки, энди қаршилик кўрсатиш жиҳоди икки карра кўпроқ куч билан давом этади ва жангчиларни бу муқаддас урушда мутлақ ғалаба кутмоқда», — деди Хоманаий.

Сулаймонийнинг йўқ қилиниши — халқаро террорчилик ҳаракатидир, деб ёзди Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Twitter’даги саҳифасида. ИИМК қўмондони ИШИДга қарши курашда асосий жангчилардан бири эди ва вазирнинг қўшимча қилишича, АҚШнинг ҳужуми «жуда хавфли ва аҳмоқона қарор» бўлди.

Трампнинг тарафдорлари эронлик генералнинг йўқ қилингани ҳақидаги хабарни илиқ кутиб олди. «Президент Трампни қатъиятли ҳаракатлари ва бу ҳаракатларнинг муваффақиятли натижалари билан табриклайман», — дейилади АҚШ Сенатининг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси, республикачи Жим Ришнинг баёнотида. Сенаторнинг сўзларига кўра, Сулаймоний «юзлаб америкаликларнинг ўлими» учун жавобгардир. «Эрон расмийларини аввал ҳам огоҳлантирганимдек, улар аввалги ҳужумларга нисбатан бизнинг хотиржам муносабатимизни кучсизлик белгиси сифатида қабул қилмасликлари лозим. АҚШ ўз манфаатлари ва ўз иттифоқчилари манфаатларини фаол талаб қилиб олишга ҳар доим тайёр», — деди Риш, Ироқдаги АҚШ элчихонасини штурм билан эгаллашга уриниш ва Киркукдаги бир америкаликнинг ўлими билан тугаган ҳарбий базага уюштирилган ҳужумга ишора қилиб. АҚШ ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни Эрон зиммасига юклаган эди.

АҚШ собиқ вице-президенти, демократ Жо Байден Сулаймонийни Америка ҳарбийларига қарши жиноятларда ва террорчиликни қўллаб-қувватлашда айблади, бироқ, айни дамда Америка авиазарбалари оқибатида минтақада кескинлик ошишидан огоҳлантирди. «АҚШ маъмурияти ўз мақсади — Эроннинг янги ҳужумларининг олдини олиш экани ҳақида баёнот берди, бироқ Сулаймонийнинг ўлдирилиши катта эҳтимол билан акс натижа беради», — дея таъкидлади у. «Масала шундаки, Америка Конгрессни бехабар қолдирган кўйи Эрондаги энг нуфузли иккинчи шахсни ўлдириб, қасддан кенг миқёсли минтақавий урушни бошлаб қўймадимикан?», — деб ёзди сенатор-демократ Крис Мёрфи.

The Wall Street Journal газетаси прогнозига кўра, Сулаймонийнинг ўлими 2018 йили Вашингтон ядровий келишувдан чиқиши билан юзага келган АҚШ ва Эрон муносабатларидаги кескинликнинг янги босқичи ибтидосига айланади. «Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши — Яқин Шарқда сўнгги ўн йилликда юз берган энг муҳим воқеалардан бири», — деди Яқин Шарқ институти ҳузуридаги таҳлил маркази катта илмий ходими Чарльз Листер WSJ’га берган интервьюсида. «Унинг ўлими — Эрон ва бу мамлакатнинг минтақадаги кун тартиби учун катта йўқотиш, бироқ Сулаймонийнинг бу «қаҳрамонлиги» катта эҳтимол жавобга сабаб бўлади», — деб қўшимча қилган эксперт.

Халқаро алоқалар бўйича Европа кенгашининг катта илмий ходими Эли Геранмайе хонимнинг фикрича, Сулаймонийнинг ўлдирилиши жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Эрон ИИМК қўмондонининг йўқ қилинишига жавобан, катта эҳтимол билан, бир вақтнинг ўзида бир неча йўналиш бўйлаб жавоб чораларини кўради, хусусан, шундай чоралардан бири ядровий дастурни ривожлантириш доирасида кўрилади, деб ҳисоблайди эксперт. Ўз навбатида Теҳрондаги мўътадил сиёсатчиларнинг таъсири сусаяди, дея аниқлик киритди Геранмае. «АҚШ Эрон билан низодаги ўйин қоидаларини қайтадан ёзиб, Яқин Шарқдаги америкалик аскарларни Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбалари нишонида қолдирди», — деб хулоса қилган у. Айни вақтда Геранмайенинг тахминича, Теҳроннинг АҚШ билан очиқ урушга киришиши эҳтимоли жуда паст.

Сулаймонийнинг йўқ қилиниши нефть бозорларига ҳам таъсир қилади, дейди The Financial Times газетасининг халқаро сиёсат бўлими муҳаррири Девид Гарднер. «Нефть нархи Сулаймоний ўлдирилгани ҳақидаги хабардан кейиноқ 3 фоизга ўсиб бўлди», — деб ёзди у. Бундан ташқари, Американинг ҳужуми бир вақтнинг ўзида ҳам Теҳрон, ҳам Вашингтон билан мустаҳкам алоқа ўрнатишга интилаётган Ироқдаги шиалар ҳокимиятини янада кўпроқ ўйлантириб қўйиши мумкин, деб ҳисоблайди Гарднер. Reuters’нинг қўшимча қилишича, Ироқ бош вазири Одил Абдул Маҳдий АҚШнинг Сулаймоний ўлимига сабаб бўлган ҳужумини қоралаб, буни Ироқ суверенитетининг бузилиши деб атаган.

Янги Америка хавфсизлиги маркази эксперти Илан Голденбергнинг фикрича, Эроннинг жавоби бир неча гавдаланиши мумкин:

  • маҳаллий сиёсатчи ва фаолларни Америкага қарши норозилик намойишларга ундаб, Ироқдаги кескинликни янада оширишга уриниш;
  • шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Исроилда янги хуружлар уюштириши мумкин;
  • Эрон АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари, хусусан, Саудия Арабистони ва у ерда жойлашган АҚШ объектларига ракета зарбалари беришга уриниши мумкин;
  • Эрон ўз ядровий дастурини ривожлантириш бўйича янги қадамларни эълон қилиши мумкин.