Андижон вилояти маъмурий судининг очиқ суд мажлисида 2019 йил 30 декабрь куни Асака туман ички ишлар бўлими томонидан фуқаро Абдуфатто Нуритдинов (блогер Отабек Нуритдинов)га оид Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддаси билан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Олий суд матдуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.
Иш ҳужжатларига кўра, Асака тумани ҳокими Э.Ёқубов, Асака туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг директори М.Исоқова ва Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруков Ички ишлар вазирлигининг «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, Facebook ижтимоий тармоғи орқали 2019 йил 4 август, 2019 йил 7 октябрь ва 2019 йил 18 октябрь кунлари «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси томонидан уларни обрўсизлантирувчи, шахсиятини шарманда қилувчи, ҳақоратли уйдирмалар ҳамда туҳмат ва бўҳтондан иборат маълумотларни тарқатганлиги учун қонуний чора кўришни сўраган.
Бундан ташқари, Б.Қаҳҳоров Асака туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 2019 йил 30 декабрь куни соат 10:30 ларда Асака туман Молия бўлими олдида А.Нуритдинов уни жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкканлиги учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Суриштирув ишларини амалга оширган Асака туман ички ишлар бўлимининг 2019 йил 30 декабрдаги жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ва маъмурий тартибда чора кўриш ҳақидаги қарорига кўра, Асака тумани Соҳил бўйи кўчаси 2-уйда яшовчи Эркинжон Ёқубов ИИВ «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, Асака туман ҳокимияти мутахассислари томонидан интернет орқали вилоятдаги ижтимоий-сиёсий вазият бўйича фуқаролар томонидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар кузатиб борилаётгани, Facebook ижтимоий тармоғи орқали 2019 йил 4 август куни соат 14:57 да «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси томонидан фуқароларни ҳокимият вакилларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотувчи, уларни обрўсизлантириш, шунингдек, вилоят ҳамда туман ҳокимларига нисбатан туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганлиги, шу сабабли «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Шунингдек, Андижон шаҳар «Экин-тикин» махалласида яшовчи Фурқатбек Бузруков ИИВ «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, Асака туман «Ибн Сино» МФЙ Шинам кўчаси 23-уйда яшовчи «Отабек Нуритдинов» номли профиль фойдаланувчиси Абдуфатто Нуритдинов ўзининг ушбу профили орқали 2019 йил 7 октябрь куни «Охирги пайтларда Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруковдан шикоятлар кўпаймоқда, яқин кунларда ушбу оёғи ердан узилган амалдор ҳақида мақола чиқариб, ерга тушириб қўямиз. Сен халқни назарингга илмасанг, халқ ҳам сени назарга олмайди, ҳеч киммаслигингда онанг тенги аёлларга пахтада кишан солмоқчи бўлгандинг. Тасаввур қилгин, 33 миллион аҳоли биттадан туфласа ҳам тупугига чўкиб ўласан. Ойнага бир қарагин, яхшилаб эътибор бериб қарагин» деб ушбу профилга уни шахсиятига тегувчи «чўчқа» тимсолидаги фотосуратни жойлаб, уни ҳақорат қилганлигини билдириб, «Отабек Нуритдинов» аккаунт фойдаланувчисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Шунигдек, Асака туман «Дўрман» МФЙ Дўрман кўчасида яшовчи Муҳайёхон Исоқова ИИВ «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, Facebook ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси 2019 йил 18 октябрь куни унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, туҳмат қилинганлиги, у ва унинг жамоасини «коррупцион очаг» деб ҳақорат қилганлигини билдириб, «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Асака туман «Оқбўйра» МФЙ Истиқлол кўчаси 17-уйда яшовчи фуқаро Б.Қаҳҳоров Асака туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг мурожаатида 2019 йил 30 декабрь куни соат 10:30 ларда Асака туман Молия бўлими маъмурий биносидан чиқаётган вақтида Асака шаҳар «Ибн-Сино» МФЙ Шинам кўчаси 23-уйда яшовчи Абдуфатто Нуритдинов жамоат жойида, уни ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний тартибда чора кўришни сўраган.
Ўтказилган текширув жараёнида Facebook ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт Абдуфатто Нуритдинов (1983 йил Сурхондарё вилоятида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти олий, оилали, 4 нафар фарзанди бор, ишсиз, муқаддам судланмаган, маъмурий жавобгарликка тортилган, Андижон вилояти Асака туманида яшайди)га тегишли эканлиги аниқланган.
Суд мажлисида сўралган Абдуфатто Нуритдинов айбига иқрор бўлмасдан, ҳақиқатан ҳам интернет орқали вилоятдаги ижтимоий-сиёсий вазият бўйича фуқаролар томонидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазаларни кузатиб боришини, Facebook ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт очиб фойдаланишини, Асака тумани ҳокими Э.Ёқубов, Асака туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг директори М.Исоқова ва Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковга нисбатан Facebook ижтимоий тармоғида билдирган ўзининг фикрларини ҳокимият вакилларини ҳамда фуқароларни обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш деб билмаслигини, шунингдек, вилоят ҳамда туман ҳокимларига нисбатан шарманда қилувчи уйдирмаларни ҳам тарқатмаганини, 27-мактаб директори М.Исоқова ҳақидаги фикрларини шу мактабда ишлаган Сардор Мадаминов исмли ўқитувчидан эшитиб ёзганлигини, 2019 йил 30 декабрь куни эса ҳеч кимни сўкмаганлигини, унга нисбатан асоссиз маъмурий баённома тузилгани, шунинг учун ҳужжатларни имзолашдан боштортганлигини баён қилиб, кўрсатма берди.
Суд мажлисида сўралган жабрланувчи Б.Қаҳҳоров 2019 йил 30 декабрь куни соат 10:30 ларда Асака тумани Молия бўлими биноси олдида фуқаро Абдуфатто Нуритдинов уятли сўзлар билан сўкиниб, жамоат жойида «ҳаммени с...ман» деб сўкингани ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан безорилик қилганини, ушбу ҳолатни Д.Расулов ва Ж.Исмоилов ҳам кўрганини, шунинг учун унга нисбатан чора кўришлик учун Асака тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилганини, ушбу ҳаракатлари учун Абдуфатто Нуритдиновга қонуний чора кўришни сўраб кўрсатма берди.
Суд мажлисида сўралган гувоҳ Д.Расулов Асака тумани Молия бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келишини, 2019 йил 30 декабрь куни Молия бўлими биноси олдига фуқаро Абдуфатто Нуритдинов, «Асака туман газтаъминот» давлат корхонаси бўлими бошлиғи Ж.Исмоилов, Асака туман «Сувоқова» давлат унитар корхонаси бошлиғи Б.Қаҳҳоров келганини, ушбу ташкилот раҳбарлари билан ташқарида суҳбатлашаётганда Б.Қаҳҳоров Абдуфатто Нуритдиновга интернет тармоғида у ҳақда нотўғри фикрларни билдиргани, унга нисбатан туҳмат қилаётганини айтган вақтида Абдуфатто Нуритдиновни жаҳли чиқиб жамоат жойи ҳисобланган Асака туман Молия бўлими биноси олдида баланд овоз билан «ҳаммангни с...ман» деб сўкиниб, бақир-чақир қилиб, безорилик қилганини, ушбу уятли сўзлар ўзига ҳам тегиб кетганини, ушбу ҳаракатлари учун Абдуфатто Нуритдиновга қонуний чора кўришни сўраб, кўрсатма берди.
Суд мажлисида сўралган гувоҳ Ж.Исмоилов «Асака туман газтаъминот» давлат корхонаси бошлиғи вазифасида ишлаб келишини, 2019 йил 30 декабрь куни Молия бўлими биносидан чиқиб келаётган вақтида «Асака туман Сувоқова» давлат унитар корхонаси бўлими бошлиғи Б.Қаҳҳоров билан Молия бўлими бошлиғи Д.Расулов ҳамда А.Нуритдинов бирга турганини кўргани, уларнинг олдига борган вақтида Б.Қаҳҳоров А.Нуритдиновга интернет тармоғида ўзи ҳақида нотўғри фикрларни билдирганини айтиб, бу ишларни тўхтатишини, чунки унга нисбатан туҳмат қилаётганини гапирганини, шунда А.Нуритдинов жамоат жойида, яъни Асака туман Молия бўлими биноси олдида баланд овоз билан «ҳаммени с...ман» деб сўкиниб, безорилик қилганини, ушбу сўкиниш унга ҳам қаратилгани сабабли А.Нуритдиновга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, кўрсатма берди.
Суд мажлисида сўралган жабрланувчи М.Исоқова ҳақиқатан ҳам унга нисбатан «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси ҳақорат ва туҳмат қилганлиги юзасидан Ички ишлар вазирлигининг «Ишонч телефони»га мурожаат қилганини, чунки Facebook ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси 2019 йил 18 октябрда интернетда унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, жиддий айблов билан туҳмат қилганлиги, у ва унинг жамоасини «коррупцион очаг» деб ҳақорат қилганлигини баён қилгани, интернетдаги мазкур ҳақорат ва туҳматларни дастлаб курсдоши ўқиб, унга айтгани, шундан кейин мактаб ўқитувчиларидан ҳам эшитгани, ўзи ҳам ўқиганидан сўнг қаттиқ таъсирлангани, чунки узоқ йиллардан буён мактабда ҳалол ва виждонан ишлаб келишини, интернетдаги бўҳтонлар эса унга туҳмат ва ҳақоратдан иборат эканлигини, суриштирув органи томонидан ушбу аккаунт фойдаланувчиси А.Нуритдинов эканлиги аниқланганлигини, шунинг учун юқоридаги ҳаракатлари учун А.Нуритдиновга қонуний чора кўриш ва ундан маънавий зарарни ундириб беришни сўраб кўрсатма берди.
Суд мажлисида сўралган гувоҳ Ф.Раҳимова 2019 йилнинг 19 октябрь куни иш жойи бўлган 27-умумий ўрта таълим мактабига келган вақтда ўқитувчилар мактаб директори Муҳайё Исақовани Facebook тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» исмли блогер ўзининг профили орқали 2019 йил 18 октябрь санасида «Асака тумани 27-мактабдаги учига чиққан коррупциячи директор Исоқова Муҳайё бошчилигида ҳамда Бузруковни ҳимоясидами? Мактаб ҳудудида оилавий ошхона очгани, барча гуруҳлар шу ошхонада овқатланишга мажбурлиги, ҳар бир боладан 40 минг сўмдан пул йиғилиши, ушбу ошхонани турмуш ўртоғи ва ўғли юргизиб келишини, кирдикорларининг охири йўқлиги, ўғлини иккита штатга ишга жойлаганлиги, ўқитувчиларга премия пулларини чиқаради ва улар бу пулни директорнинг ўзига қайтаришлиги, бу ишларда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳасанова Нозила ёрдам беришлиги, профсоюз пуллари деган тушунча шу мактаб ўқитувчиларида йўқ бу пуллар қани? Текширувчи келди деб ўқитувчилардан пул йиғиб комиссияларни оғзини беркитиб жўнатишлиги, ишга кириш пул...пулга ўчлигидан хоҳлаган ўқитувчисини ишдан бўшатиши мумкинлиги, ўрин бўшаса янги даромад эканлиги, шу даражада виждонини ютиб юборган бу аёл эканлиги, ушбу пулни нима қилади ёки Бузруковни тўйдира олмаяптими» деб ёзиб М.Исоқова ҳақида турли хилдаги бўҳтон ва иғволарни тарқатиб, М.Исоқованинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб ҳақорат қилиб, уйдирмалар тарқатилганидан хабар топганини, А.Нуритдинов томонидан Facebook ижтимоий тармоғида билдирилган фикрларига салбий эътирозларини ўзи ҳам билдиргани, чунки мактаб директори М.Исоқова талабчан раҳбар эканлигини, ўқитувчиларни рағбатлантириш (премия) пулларидан ва ойликларидан пул ҳам йиғмаганлигини, ўқитувчиларни пул эвазига ишга олинмаслигини, А.Нуритдинов томонидан Facebook ижтимоий тармоғида билдирилган фикрлар туҳмат эканлиги ҳақида кўрсатма берди.
Суд мажлисида сўралган гувоҳ Ш.Усмонов Андижон вилоят Халқ таълими бошқармасида ҳуқуқшунос вазифасида ишлаб келишини, Абдуфатто Нуритдинов томонидан Facebook ижтимоий тармоғида Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковга нисбатан билдирилган фикрлари ҳақорат ва туҳмат эканлигини, у халқ таълими бошқармасининг вакили сифатида Абдуфатто Нуритдинов ушбу фикрлари орқали Ф.Бузруковни обрўсизлантириш ва унинг иш фаолиятини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар деб ҳисоблашини, чунки 2019 йил 7 октябрь куни Абдуфатто Нуритдинов томонидан Facebook ижтимоий тармоғида ёзилган «Охирги пайтларда Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруковдан шикоятлар кўпаймоқда, яқин кунларда ушбу оёғи ердан узилган амалдор ҳақида мақола чиқариб, ерга тушириб қўямиз. Сен халқни назарингга илмасанг, халқ ҳам сени назарга олмайди, ҳеч киммаслигингда онанг тенги аёлларга пахтада кишан солмоқчи бўлгандинг. Тасаввур қилгин, 33 миллион аҳоли биттадан туфласа ҳам тупугига чўкиб ўласан. Ойнага бир қарагин, яхшилаб эътибор бериб қарагин» деб ушбу профилга уни шахсиятига тегувчи «чўчқа» тимсолидаги фотосуратни жойлаб, уни ҳақорат қилганлигини, Андижон вилоятининг барча туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида мунтазам равишда иш фаолиятлари қонунийлиги юзасидан айнан Ф.Бузруковнинг ташаббуси билан текширишлар ва ўрганишлар ўтказилишини, ушбу Facebook ижтимоий тармоғида тарқатилган фикрлар ва фототасвир жуда кўп педагогларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганини, ушбу ҳаракатлари учун Абдуфатто Нуритдинов қонуний жазо олиши зарурлигини айтиб, кўрсатма берди.
Суд ҳуқуқбузар Абдуфатто Нуритдиновнинг юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари бўйича айби суриштирув органи томонидан тўпланган ва судда текширилган далиллар, хусусан, суриштирув даврида олинган тушунтириш хатларидаги кўрсатмалар, суд мажлисида сўралган жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, иш ҳужжатларидаги аризалар, билдирги, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар, Facebook ижтимоий тармоғидан олиниб нусхалари илова қилинган ёзишмалар ва фото-лавҳалар, ўрганиш маълумотномалари ва уларга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда иш бўйича тўпланган далиллар мажмуи билан ўз исботини топган деб ҳисоблаб, суриштирув органи томонидан Абдуфатто Нуритдиновнинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддаси тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.
Суд Абдуфатто Нуритдиновнинг айбига иқрор бўлмасдан берган кўрсатмаларини муқаррар жазодан қутулишга қаратилган ҳаракат деб танқидий баҳолади ва унга нисбатан жазо тайинлашда уни тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси ва 41-моддаси билан қонун санкцияси доирасида жарима жазоси ва 183-моддаси билан маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлашни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида жазо тайинлашни, 2017 йил 9 январдаги «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонунининг 24-моддаси 1-қисмига кўра, маъмурий қамоққа олинган шахсларни маъмурий қамоқда сақлаш харажатларининг ундирилиши базавий ҳисоблаш миқдоринининг 15 фоизи белгиланганини инобатга олиб, қамоқда сақлаш харажатларини Абдуфатто Нуритдиновдан ундиришни лозим топди.
Суд қарорига кўра, Абдуфатто Нуритдинов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилди.
Абдуфатто Нуритдиновга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Абдуфатто Нуритдиновга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Жазони ўташ муддати 2019 йил 30 декабрь куни соат 19:45 дан бошлаб ҳисобланган.
Абдуфатто Нуритдиновни қамоқда бўлган ҳар бир куни учун 33 450 сўм миқдорида, жами 501 750 сўм қамоқда сақлаш харажатларининг ундирилиши белгиланди.
Қарорни ижро қилиш Андижон шаҳар ИИБ зиммасига юклатилди.
Жабрланувчиларга маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни ундириш (маънавий зарарни қоплаш) масаласи фуқаролик суд ишини юритиш тартибида ҳал этилиши тушунтирилди.
Қарордан норози тарафлар икки ой ичида, ҳуқуқбузар қарор нусхасини олган кундан бошлаб икки ой ичида шу суд орқали Андижон вилоят маъмурий судининг кассация инстанциясига шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади.
Аввалроқ Facebook’да «Отабек Нуритдинов» тахаллуси билан воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириб келган фуқаро Абдуфатто Нуритдинов блогерлик фаолияти давомида бировга туҳмат қилгани, ҳақоратлагани ва безорилик қилганликда айбланиб, 15 суткага қамалгани ҳақида хабар қилинган.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ҳодисага муносабат билдириб, ИИБ ва бошқа органларнинг яшин тезлигида фуқарони ахборот тарқатгани ва ўз фикрларини баён қилгани учун жазолашга эришгани қандайдир буюртмани бажаргандек таассурот қолдираётганини қайд этганди.
Изоҳ (0)