Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 20 декабрь, жума куни юз берган ёнғин оқибатида 2003 йилда туғилган ўсмир ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, шу куни соат 05:20 да Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Обод» МФЙ Бўстон кўчасида жойлашган 36-уйда ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув қисмига хабар келиб тушган.
Воқеа жойига иккита ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилган. Бўлинмалар чақирилган манзилга 10 дақиқада етиб борган. Улар етиб борган вақтда уйнинг ички ва том қисми очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган.
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05:33 да қуршаб олинган ва соат 06:00 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин оқибатида яшаш уйининг 45 квадрат метр майдонида том, шифт ва ички жиҳозлар ёниб зарарланган. 100 квадрат метр майдон ёнғиндан сақлаб қолинган.
Қайд этилишича, ёнғинни ўчириш вақтида уй бекасининг набираси, 2003 йилда туғилган А.С.нинг куйган ҳолдаги жасади топилган. Ёнғинга қўлбола ўтинли иситиш печини ёқиб, назоратсиз қолдирилиш сабаб бўлгани айтилмоқда. Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)