16—18 декабрь кунлари «Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида тутинган ота-оналарнинг тайёрлов курсларини ташкил этиш» мавзусидаги уч кунлик тренинг бўлиб ўтди, деб хабар берди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Тренинг Халқ таълими вазирлиги, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази билан ҳамкорликда БМТ (UNICEF) Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмагида ташкил этилди.
Мазкур тренингда жами 60 нафар Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчаларининг Ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича директор ўринбосарлари, психолог ва педагоглар ҳамда вилоят, туман халқ таълими бўлимларидаги Васийлик ва ҳомийлик органлари мутахассислари қатнашди.
Тренинг иштирокчилари ушбу ўқув-таълимий жараёнда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни патронат (оилага тарбия)га олиш ҳамда Оилавий болалар уйини очиш истагидаги фуқароларни ўқитишнинг назарий ва амалий асослари билан танишишди. Курсларни ташкил этишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Бўлғуси тренерлар учун ўтказилган тренинг Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг етакчи эксперт мутахассислари томонидан амалга оширилди. Унда халқаро ва маҳаллий тажриба, эришилган ютуқлар инобатга олиниб, тренинг иштирокчилари учун услубий ва амалий материаллар тақдим этилди.
«Эндиликда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари 2020 йилнинг январь ойидан ўз муассасалари қошида номзод патронат (оилага тарбия)га олувчи ва Оилавий болалар уйларини ташкил этиш ниятидаги фуқароларни ўз оилаларига болаларни қабул қилиш жараёнига ўқитиш ишларига мустақил киришишлари мумкин», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)