Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консулхона жорий йил 14 декабрь куни Самара—Чимкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва ичида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтўбе вилояти, Айтекеби тумани ҳудудида техник носозлик туфайли тўхтаб қолгани тўғрисида ОАВда тарқалган маълумотни тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Бош консулхона маълумотига кўра, туман йўл-патрул хизмати йўловчиларни эвакуация қилиш, уларни иссиқ овқат билан таъминлаш ва автобусни таъмирлашда ёрдам кўрсатди. Автобус эса таъмирдан кейин ҳаракатни давом эттирган.
«ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қишги вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)