Қозоғистонда ўтказилаётган «Нолегал» тадбири доирасида ушбу мамлакатга хизмат сафарига юборилган ходимлар томонидан Нур-Султон, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида ўтказилган рейдлар давомида фуқаролик паспортларини йўқотиб, яшаш манзилларига қайтолмаётган 12 нафар фуқарога Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари берилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида 2 нафар аёл, 10 нафар эркак «Олмаота—Тошкент» авиарейси билан Ўзбекистонга олиб келинди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги биносида уларнинг барчасига тиббий, психологик ва юридик ёрдам кўрсатилди ҳамда яшаш манзилларига етиб олишлари учун энг кам иш ҳақининг бир баровари миқдорида пул ажратилди.
Шунингдек, улар билан филтр-сўров тадбирлари ўтказилиб, давлат томонидан яратилган имкониятлар, иш ўринлари ва тадбиркорлик фаолияти учун кредитлар олиш турлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ҳозирги вақтда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган 41 нафар ўзбекистонликни мамлакатга қайтариш чораларини кўриш давом эттирилмоқда
Изоҳ (0)