НАТОнинг Афғонистондаги вакили Николас Кэйнинг маълум қилишича, мамлакат президентлигига номзодлар Мустақил сайлов комиссиясининг қарорларини тан олиши керак. Бу ҳақда «Afganistan.ru» хабар берди.
Лондонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида чиқиш қилган НАТО вакили Афғонистон президентлиги сайлови билан боғлиқ сиёсий инқирозга эътибор қаратди.
Айни пайтда Афғонистонда овозлар қайта ҳисоблаб чиқилмоқда. Мамлакатнинг кўплаб вилоятларида эса сайлов ҳуқуқи бузилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Афғонистон президентлигига номзодларнинг кўпчилиги Мустақил сайлов комиссиясининг қарорини ноқонуний деб ҳисоблади, бунда улар ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган 300 мингта овоз бекор қилинмаганига эътибор қаратган. Бундан ташқари, сайлов комиссияси кузатувчиларнинг сўровларини эътиборсиз қолдирди ва шикоятларни комиссияга жўнатишни таклиф қилган ҳолда жараённи давом эттирди.
Николас Кэй овозларни қайта ҳисоблаш жараёнида, шу жумладан, МСК ва президентликка номзодлар ўртасидаги муносабатлар доирасида ахборот очиқлиги зарурлигини тан олди.
Дипломат президентликка номзодлар томонидан қилинган коалицион ҳукумат тузиш ҳақидаги таклифга қарши чиқди ва янги ҳукумат президентлик сайлови ғолиби томонидан тузилиши кераклигини таъкидлади.
Изоҳ (0)