Тошкент шаҳридаги асосий Янги йил арчасини безаш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур жараён акс этган видеони тақдим этди.
Маълум қилинишича, ўтган йилги арча учун фойдаланилган безаклар яхши сақлангани учун жорий йил ҳам ана шу безаклардан фойдаланилмоқда. 25 мингта ранг-баранг безак осилган бир метрли шохлар 36 метрли темир конструксияга қўл меҳнати билан илиб чиқилмоқда.
Мутахассислар иш шу зайлда давом этса, арча икки кунда тайёр бўлишини таъкидламоқда. Айни пайтда 10 нафар алпинист махсус техника ёрдамида арчани безаш ишларини олиб бормоқда.Шунингдек, Истиқлол кўчасининг байрам томошалари бўлиб ўтадиган қисмини безатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Байрам тадбирлари учун иккита саҳна тайёрланмоқда. Аттраксионлар ва савдо дўконлари ўрнатилмоқда. Асосий арчанинг тўртта томонида селфи ихлосмандлари учун кичик арчалар ўрнатилади.
Тошкентда биринчилардан бўлиб безатилган байрам арчаси Tashkent City хиёбонида ўрнатилган. Арчанинг баландлиги 24 метрни ташкил қилади. Байрам арафасида хиёбонда эстрада вакилларининг концертлари, шоколад, питца ва пишлоқ фестиваллари ва байрам карнаваллари бўлиб ўтади.
Мавзуга доир: Tashkent City’да Янги йил байрамига тайёргарлик бошланди
Изоҳ (0)