«Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон» темир йўлини қуриш бўйича техник-иқтисодий асос (ТИА) тайёрланди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков маълум қилди, деб ёзади Reporter.
Унинг сўзларига кўра, Россия техник-иқтисодий асосни тайёрлаш учун 200 миллион рубль (3,15 миллион доллар) ажратди.
«Сиёсий қарор қабул қилинди. Эксперт гуруҳлари ишламоқда. Хитой томони рози бўлди. Мен Хитойга икки марта ташриф буюрдим, сафарлар давомида бу борада музокаралар олиб борилди. Россия президенти билан ҳам музокаралар ўтказилди», — деди президент.
«Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон» темир йўллари Хитой темир йўлларини Ўзбекистон билан, сўнгра Афғонистон, Эрон ва Туркия орқали Европа темир йўллари тармоғи билан боғлаши керак.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Шарқий Осиёдан яқин Шарқ ва Жанубий Европага борадиган йўлни 900 километрга қисқартиради ва вақт 7—8 кунга камаяди. Йўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни таъминлайди ва уларга Форс кўрфази ва Тинч океанининг портларига қулай кириш имконини беради.
Изоҳ (0)