Қашқадарё транспорт бошқармаси ва вилоят ЙҲХБ ҳамкорлигида ўтказилган 1355 та қўшма рейд тадбирларида 3617 та лицензиясиз фаолият юритиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар беради «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, ҳайдовчилар 294 та ҳолатда юк ташиш қоидасини бузган бўлса, 3323 та ҳолатда лицензиясиз йўловчи ташиган.

Натижада 3456 та расмийлаштирилган маъмурий ишларда 3420 нафар ҳайдовчига нисбатан 1 миллиард 596 миллион сўм жарима қўлланган. Қолган 1512 та маъмурий иш бўйича ҳуқуқбузар ҳайдовчиларга нисбатан белгиланган муддатлар берилиб, лицензия варақаси олганлиги муносабати билан огоҳлантириш асосида маъмурий иш тугатилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида лицензия олувчи ҳайдовчилардан 834 миллион 909 минг сўм йиғим, 6 миллиард 537 миллион сўмлик давлат божи ундирилган.

Ўтган йилнинг шу даврида вилоятда 9 069 та лицензияланган транспорт воситаси мавжуд бўлса, айни кунда бу кўрсаткич 10 993 тани кўрсатмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 194 та йўловчи ташувчи ташкилотнинг 2472 та автомобили сариқ рангга бўялиб, бугунги кунда шаҳар ва шаҳар атрофида фаолият юритмоқда.

Ўтган вақт мобайнида 7 та хўжалик юритувчи субъектнинг 8 та лицензияси ва 75 та хўжалик юритувчи субъектнинг 107 та лицензия варақалари лицензия талаб ва шартларининг бузганлиги учун 10 иш кунига тўхтатилган.

Маълумот учун, вилоятда айни кунларда 345 та йўловчи ташиш йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Улардан 100 таси автобус, 245 таси йўналишли таксига тегишли.