Кўнглимизга ёққан ҳар нарсани халқ мулкига айлантира оламиз. Кинофильмлар ва спектакллардаги ажойиб иборалар бугун ҳаққоний равишда халқ оғзаки ижоди мулкига айланиб бўлган.
Бир пайтлар мамлакатимизда ягона бўлган «Ўзбекфильм» киностудияси коммунистик тузум ғояларини тарғиб қиладиган фильмлар билан бирга бугунги кунда классикага айланиган картиналарни ҳам суратга олган. Ана шундай фильмлардаги айрим иборалар бугунги кунда ҳам жуда машҳур.
Қуйида турли кинофильмлар ва спектаклларда янграган ибораларнинг энг машҳурларига тўхталамиз.
«Онамдан қолган тошойна қани?»
Эргаш КаримовМарҳум Эргаш Каримов зўр маҳорат билан ўйнаган футбол мухлиси образи томонидан «Пахтакор» жамоаси ютқазганда айтиладиган бу гап бугун ҳам аксарият ҳолларда футболдан сўнг кўпчилик томонидан эсланади. Айниқса терма жамоамиз ютқазиб қўйса, бу гап футбол мухлислари томонидан кўп такрорланади.
«Ўнта қўй нима бўлади?»
Марям Ёқубова«Маҳаллада дув-дув гап» фильмида қаҳрамон тўй арафасида эрига «Тўйга нечта қўй олдингиз?» деб сўраганида эри паст овозда «Битта» деб жавоб берганида, қўшнилар ҳам эшитсин деб баланд овозда шу гапни айтади. Ўшандан бери катта гапирувчи кишиларга халқимиз шу гап билан писанда қилиб айтади.
«Ҳар бир идора тепасида битта байроқ, битта локатор бўлади»
Муҳаммадсоли Юсупов«Темир хотин» спектаклида бу гапни бош қаҳрамон Қўчқор Олимжондан келажак роботлари ҳақида эшитиб, сўнг ўша гапларга қўшиб-қўшиб чатиб Аломатхонга гапириб бераётганда гапиради. Ўшандан бери қайсидир одам ёки мутасадди «келажакда ундоқ бўлади, мундоқ қилодурмиз» деб амалга ошиши қийин бўлган иш ҳақида гапириб, гапни олиб қочаверса, халқимиз юқоридаги иборани эсга олади.
«Сизни ойим ҳам, дадам ҳам, магазинчи Ғайбулла ҳам, бутун қишлоқ ёмон кўради»
«Суюнчи» фильмида қаҳрамонлардан бири бўлган бола бу гапларни қишлоқ тинчлиги учун хизматда бўлган бувисига ёшлик қилиб айтиб қўяди.Одамлар бировни танқид қилиш керак бўлганда «Суюнчи» фильмидаги шу гапни эслайди.
«Сиз ўшаму?»
Гулчеҳра ЖамиловаБу гап халқимизнинг машҳур ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидан олинган. Бу сўзлар роман асосида суратга олинган фильмда Кумуш тилидан айтилган. Ролда халқимизнинг севимли актрисаси Гулчеҳра Жамилова ўйнаган. Бугун бу сўзлар ўзини таништираётган кишига нисбатан кўп ишлатилади.
«Мана бу колхоз деганинг учун, мана бу раис деганинг учун»
Муҳаммаджон Раҳимов
«Келинлар қўзғолони» фильмида Аббос исмли набира кичик янгаси Нигора бувисини танқид қилганини бекитикча эшитиб қолади ва унинг овқатига «Мана бу колхоз деганинг учун, мана бу раис деганинг учун» деб бир қути тузни солиб юбориб, овқатни шўр қилиб қўяди. Бугун халқимиз бошқаларга жаҳл қилиб ишлаётган одамга қарата ҳазил тариқасида шу сўзларни ишлатади.
«Академик Павлов назариясига кўра»
Римма Аҳмедова
Бу гапларни «Келинлар қўзғолони»даги доктор келин ҳар бир гапидан олдин такрорлаб, айтмоқчи бўлган гапини академик Павлов назариясига боғлайверади. Бугун ҳам одамлар айрим ҳолларда ҳазил тариқасида «академик Павлов назариясига кўра» деб гап бошлайди.
«Абдуллажон, шакарсан, шакар!»
Ражаб АдашевБу сўзларни «Абдуллажон» фильмида бош қаҳрамон Бозорбой ўзга сайёралик «ўғли» Абдуллажонга қарата айтади. Одамлар кимнидир мақташ лозим бўлган ҳолатларда шу сўзларни ишлатади.
«Нега менинг кетмоним учмаяпти?»
Тўйчи ОриповБу сўзлар ҳам «Абдуллажон» фильмидан. Раис ролини ўйнаган Тўйчи Орипов тилидан айтилади.
Бугун халқимиз орасида иши юришмаган, омади чопмаган инсонлар ҳолатини «кетмоним учмаяпти» деб ифодалайди.
«Ўлган бувисига янги кафан, отасига – ароқ заводи, онасига – кампит заводи, синглисига — кийим фабрикаси... сизга эса — замбаракнинг ўқи...»
Эргаш Каримов
Бу машҳур гапни «Учрашув» миниатюралар тўпламида Эргаш Каримов айтган. Қудалар тўй маслаҳатини қилишда бир тараф иккинчи тарафга тўйни дабдабали қилиш ҳақида талаб қўяверганида Эргаш Каримов шу гапни айтади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)