Афғонистон ислом республикаси ҳудудида ИШИД террорчилик ташкилотининг бўлинмалари бутунлай йўқ қилинган. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Масуд Андрабий маълум қилди, деб ёзмоқда «ТАСС».
«ИШИД жангарилари мағлубиятга учради ва Афғонистонда бутунлай тор-мор этилди», — дея таъкидлаган Андрабий мамлакат жанубида жойлашган Нангархар вилоятидаги полиция бошқармаси янги раҳбарини таништираётган вақтда сўзлаган нутқида. Вазирнинг сўзларига кўра, ИШИДнинг кичик бўлинмалари Афғонистон ҳукумати кучларига таслим бўлмоқда, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қочишга уринаётган жангарилари эса махсус операцияларда давлат ҳарбий кучлари томонидан йўқ қилинмоқда.
Шунингдек, Масуд Андрабий маҳаллий аҳоли ҳам мунтазам армия кучларини қўллаб-қувватлаётгани ва хорижнинг ҳеч бир террорчилик ташкилотига Афғонистонда ўз позициясини мустаҳкамлашига асло йўл қўймаслигини билдирди.
Мавзуга доир:
5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилган, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарачиларнинг автоматларини эгаллаб олган, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилинган ва 5 нафар жангари қўлга олинган.
Жангарилар сўроқ қилинганидан кейин уларнинг Афғонистон ҳудудидан қочиб ўтган ИШИД террорчилари эканлиги аниқланган. Ҳужум уюштирганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлгани, қўлга олинган ва ҳалок бўлганлар орасида аёллар ҳам борлиги хабар қилинди. Афғонистон ҳукумати вакиллари ИШИД террорчиларининг мамлакат ҳудудидан Тожикистонга ўтиб, 6 ноябрда чегара постига ҳужум уюштирганини инкор этди.
8 ноябрь куни Тожикистон бош прокуратураси чегара постига уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши очган, Ўзбекистон чегарачилари эса террорчилик ҳужумидан сўнг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларни қўриқлашни кучайтирган. Кейинчалик ИШИД ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган. Тожикистон томондан ҳалок бўлганларнинг сони 2 эмас балки 6 нафар экани маълум бўлди, бироқ ҳукумат ушбу маълумотни расман тасдиқламаган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)