Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари Қашқадарёдан Тошкентга ўғирлаб келинган чақалоқнинг ота-онасига қайтарилишига ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Хотин-қизлар қўмитасининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Озода Исломованинг қабулига ўзини «қашқадарёликман» дея таништирган аёл қўлида кичкина бола билан кириб келган ва ўз муаммоларини тушунтира бошлаган.
Суҳбат жараёнида аёлнинг ўзини тутиши, болага нисбатан ўта совуққон эканлиги ва ёши катталиги, болани аввалига ўз фарзандим деб таништириб, кейин эса бировнинг боласи дейиши, саволларга узуқ-юлуқ жавоблар бериши шубҳа уйғотган. Озода Исломова вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоятига қўнғироқ қилиб, аёл ҳақида маълумот сўраган.
Маълум бўлишича, ушбу аёл аслида руҳий касал бўлиб, ҳақиқатан ҳам бола уники бўлиб чиқмаган. Аёл синглисининг фарзандини икки кун олдин ўғрилаб, Тошкентга келган.
«Шу куннинг ўзидаёқ Қашқадарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси тезкор чора кўриб, аёл ва бола учун машина юборган. Болакай онасининг қўлига соғ-омон топширилди. Хаста аёл эса даволаниши учун шифохонага ётқизилди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)