29 октябрь куни Россия ҳудудидан чиқариб юборилаётган Ўзбекистон фуқаролари Х.А. ва Ш.Т. самолёт учишигача унинг ҳожатхонасида тамаки чеккани учун «Уральские авиалинии» авиакомпаниясининг Екатеринбург—Тошкент йўналишидаги рейсидан тушириб юборилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон фуқаролари Свердловск вилояти бўйича чет эллик фуқароларни вақтинча сақлаш марказига қайтариб олиб кетилган ва улар ўз ҳисобларидан авиачипталарни қайтадан сотиб олишларига тўғри келади.
Аввалроқ Бош консулхона Х.А.га ватанга қайтиш учун сертификатни расмийлаштириб берган эди ва унинг авиачиптаси Россия федерал бюджети ҳисобидан харид қилинган эди.
«Консуллик-ҳуқуқий департаменти чет элга чиққан Ўзбекистон фуқароларидан улар борадиган мамлакатларнинг қонунларини, жумладан турли ташкилотларда мавжуд қоидаларни яхшилаб ўрганишларини ва уларга амал қилишларини сўрайди ҳамда Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмень вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи – Югра, Ямал-Ненецк автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)