Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси 25 октябрь, жума куни Нишон тумани ҳудудида рейд тадбири ўтказган. Бу ҳақда бошқарма ахборот хизматига асосланиб, Nasaf News хабар бермоқда.
Рейд давомида Нишон тумани «Балхияк» МФЙдан Миришкор туманига ўтувчи ички йўл чап томонидаги зовурда (коллектор) сариқ рангдаги жигули русумли давлат рақами 70 А 285 HА бўлган автомашинада 3 нафар шахс томонидан ноқонуний равишда, яъни электр токи билан балиқ овланганлиги маълум бўлди.
Инспекторлар ўз ваколати доирасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишларини сўраганида бир нафар шахс ўзини автомашина ҳайдовчиси Нишон тумани «Балхияк» МФЙда яшовчи Алимардон Қурбонов ва Алишер Худоёров, Абдурашид Исматов деб ўзларини оғзаки таништириб, ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
«Шундан кейин автомашина кўздан кечирилганда, 1 дона 15 метрли электр сими уланган қўлбола сачок, 1 дона 15 метр электор сими уланган қўлбола электор токини узайтирувчи мослама, 1 дона «Мустанг» русумли янги аккумулятор, 1 дона эски электр токини кучайтиргич (электроудочка), 1 жуфт махсус этик, оқ полиэтилен халтада жами 23 дона ҳар хил турдаги ноқонуний овланган балиқ, шундан: 2 дона лаққа, 6 дона карас, 13 дона сазан, 2 дона Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган Туркистон мўйловдорига ўхшаш балиқлар борлиги аниқланди», — дейилади хабарда.
Аниқланган ҳолат бўйича уч нафар шахс ёзма равишда тушунтириш хатини ёзиб берган. 3 нафар шахсдан юқорида баён этилган воситалар қонуний тўхтамга келгунга қадар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳозирда мазкур аниқланган ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш учун расмийлаштирилмоқда.
Изоҳ (0)