Ўзбекистоннинг Жидда шаҳри (Саудия Арабистони подшоҳлиги)даги Бош консулхонаси 23 октябрь куни Мадина ислом университетида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари билан сайёр учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
Учрашувда Бош консул Сирожиддин Шамсутдинов талабаларга хорижда юрган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ комплекс масалаларни ҳал қилиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берган.
«Давлат ёшлар сиёсатининг самарали рўёбга чиқарилишини таъминлаш мамлакатимиз раҳбарияти диққат марказида турган муҳим масалалардан бири ҳисобланиши таъкидланди», — дейилади ТИВ ахборотида.
Суҳбат жараёнида 22 декабрь куни Ўзбекситонда бўлиб ўтадиган парламент сайловига тайёргарлик мавзусига алоҳида эътибор қаратилган. Талабалар Жидда шаҳридаги Бош консулхона ҳузурида сайлов участкаси тузилганидан хабардор қилинган.
Тадбир доирасида Саудия Арабистонида бўлиб турган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тегишли маслаҳатлар берилган. Хусусан, Ўзбекистон паспорт тизимида жорий қилинган ўзгариш ва янгиликлар тўғрисида маълумот берилган, саволларга, жумладан ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тааллуқли саволларга жавоблар қайтарилган ҳамда Саудия Арабистони қонунчилиги бўйича юридик маслаҳатлар берилган.
Изоҳ (0)