Ўзбекистондаги меҳмонхоналар ичида ва уларга тегишли бар, мини-бар, кафе, ресторанларда алкоголь маҳсулотлари сотувини йўлга қўядиган бир неча стационар чакана савдо нуқтаси учун энди фақат битта рухсат гувоҳномаси берилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилди.
Хабар берилишича, мазкур соддалаштирилган тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 октябрдаги 885-сонли қарорида белгилаб қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 мартдаги 89-сонли қарори билан тасдиқланган низом бўйича, меҳмонхоналар ва уларга тегишли жойларда алкоголь маҳсулотлари сотувини амалга оширувчи барча умумий овқатланиш жойларининг ҳар бири алоҳида рухсат гувоҳномаси олиши керак эди.
Қўмита томонидан таъкидланишича, бир неча рухсат гувоҳномаси олиш тартибининг бекор қилинишидан асосий мақсад меҳмонхона бизнесида кўрсатилаётган хизматларни янада яхшилаш ва уларнинг сифатини замонавий стандартлар ҳамда талабларга мувофиқ оширишдан иборатдир.
Изоҳ (0)