Ўзбекистонда норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.

Унга кўра, бундай қоидабузарлик биринчи марта содир этилганда БҲМнинг 30 баравари (12,36 млн сўм), такроран содир этилганда эса БҲМнинг 100 баравари (41,2 млн сўм) миқдорида жарима белгиланади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасига август ойида қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
2026 йилдан бошлаб норасмий бандлик бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган қурилиш ташкилотларининг “Шаффоф қурилиш” онлайн платформасидаги рейтинг баллари камайтирилади. Масъул идоралар этиб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Рақамли технологиялар ҳамда Бандлик вазирлиги белгиланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2025 йилнинг март ойи бошларида меҳнат шартномасини тузмаган иш берувчиларни жаримага тортишни таклиф қилганди. Яъни қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс фуқароларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузмасдан меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 49-5-модда билан тўлдириш таклиф қилинган.
Унда фуқаролар билан меҳнат шартномасини қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирмаслик ёхуд меҳнат шартномаси тузмасдан ишга жалб қилиш фуқароларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — 30 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлишини белгилаш режалаштирилган.
Изоҳ (0)