D витамини танамиз учун суяклар мустаҳкамлиги, иммунитет ва умумий соғлиқни сақлашда муҳим рол ўйнайди. Унинг етишмаслигини кўп ҳолларда сезиш анча мушкул. Аммо организм айрим аломатлар орқали бу моддага эҳтиёж сезаётганини билдиради.

Куз-қиш мавсумида қуёшли кунлар камайиб борган сари, D витамини танқис бўлган даврда ўзингизни тетик ва ишчан сақлашга қандай ёрдам бериш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Зеро, айнан шу витамин танамизнинг кўплаб функцияларини, жумладан кальций ва фосфор алмашинуви, иммунитет, жисмоний фаоллик ва чидамлиликни бошқаради.
Қуйида СМ-Клиника эндокринологи ва диетологи Уляна Викторовна Румянсева билан бирга D витамини етишмаслигини кўрсатувчи асосий белгиларни кўриб чиқамиз.
Суяк-мушак тизими ва тери муаммолари
Мушаклар заифлиги, мушак ва суякларда оғриқ ҳамда тортишишлар, синган жойларнинг секин битиши, соч тўкилиши, тирноқлар мўртлиги, тери қуруқлиги ва қичиши — буларнинг барчаси организмда D витаминига боғлиқ кальцийнинг суяклар, мушаклар, тери ва унинг ҳосилалари — тирноқлар ҳамда сочларда камайиши туфайли юзага келиши мумкин.
Ҳолсизлик ва кайфият бузилиши
Асаб тўқимасида D витаминига рецепторлар мавжудлиги сабабли ҳолсизлик, уйқучанлик ёки уйқусизлик, тез чарчаш, кайфиятнинг депрессиягача пасайиши, ҳаддан ташқари терлаш, айниқса қўл ва оёқ кафтларида кузатилиши мумкин.

Иммунитет пасайиши
Д витамини организмнинг иммунитет ҳужайраларига таъсир кўрсатиб, турли юқумли ва яллиғланиш жараёнларига қарши курашиш қобилиятини оширади. Шу сабабли унинг танқислиги иммунитет заифлашишига олиб келади. Натижада тез-тез шамоллаш, турли хил яллиғланишлар ва секин битадиган яралар пайдо бўлиши мумкин.
Кўриш ва овқат ҳазм қилиш муаммолари
Иштаҳа пасайиши, тана вазни камайиши, оғиз қуриши (ачишиши) ва кўриш қобилиятининг ёмонлашуви овқат ҳазм қилиш тизими ҳамда кўз тўқималаридаги D витамини рецепторлари билан боғлиқ бўлиб, улар витамин етишмовчилигига ўзига хос тарзда ишдан чиқиш билан жавоб беради.
Сурункали касалликнинг ривожланиши
D витаминининг асосий вазифаси фосфор-кальций алмашинувини тартибга солиш, яъни кальций сўрилиши, ўзлаштирилиши ва суяклар ҳамда мушакларга етказилишини ошириш бўлгани сабабли унинг етишмаслиги натижасида болаларда ривожланиш суръати секинлашади (ўсишдан орқада қолиш, вазн етишмаслиги, тишларнинг кеч чиқиши), рахит, умуртқа поғонаси қийшайиши кузатилади. Катталарда эса суяк зичлиги камайиши, суяк синишлари, тез-тез тиш кариеси учрайди. Аёлларда ҳайз даврининг бузилишигача, ҳаттоки бепуштликка олиб келиши, ўсмирларда жинсий ривожланишнинг кечикиши кузатилади.

Шу билан бирга, юқорида келтирилган белгилар эндокрин, юрак-қон томир, асаб ва овқат ҳазм қилиш тизимларининг нотўғри ишлаши билан боғлиқ бошқа касалликларда ҳам кузатилиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Шу сабабли D витаминининг юқори (даволовчи) дозаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш тавсия этилмайди. Энг маъқул йўл — бу масалани мутахассис билан маслаҳатлашиш чоғида муҳокама қилишдир.
D витамини терида ултрабинафша нурлар таъсирида ҳосил бўлади, шунингдек, балиқ мойи, гўшт, жигар, тухум, сут ва сут маҳсулотлари орқали овқат билан организмга киради. Шу боис бу витаминнинг профилактик ва даволовчи дозаларини белгилашда организмнинг индивидуал хусусиятларини ҳамда овқатланиш тарзини ҳисобга олиш зарур. Бундан ташқари, D витаминини тайинлашдан аввал унинг қондаги бошланғич даражасини аниқлаш лозим — буни албатта шифокор амалга ошириши керак.
Агар бундай имконият бўлмаса, D витаминига бой парҳез, қуёш ванналари (қишда қуёшли кунда очиқ ҳавода камида 2 соат, баҳор, ёз ва эрта кузда кунига камида 4 соат бўлиш) ҳамда куз—қиш—баҳор мавсумида (октябрдан апрелгача) Д витаминининг профилактик дозасини қабул қилиш тавсия этилади.
Изоҳ (0)